Талабалар анъанавий таълимга босқичма-босқич ўтказилади – вазирлик
Жамият
−
03 Февраль 2022
15696Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 февралидан мактаб, коллеж-техникум ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим қайта бошланиши эълон қилинди.
Аммо бу кутилмаган қарор кенг жамоатчилик, айниқса талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари орасида айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқаряпти. Хусусан, талабалар ижара муаммоси авж олишини, ўтган сафар онлайн таълимдан офлайнга қайтилганда квартира топилмаганини ва сарсон бўлишганини айтмоқда. Баъзи ота-оналар эса фарзанди ижарага уй топмагунча ўқиш жойига юбормаслигини таъкидлаяпти.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Республика махсус комиссиясининг кутилмаган қарори юзасидан қуйидагича изоҳ берди.
“Талабаларга қулайлик яратиш, доимий турар-жойларидан таълим муассасаларига хавфсиз, тирбандликларсиз етиб келишлари, жойларда авиа ва темир йўл чипталарини алмаштириш, талабалар турар-жойлари, ижара асосида яшайдиган талабаларнинг ортиқча қийинчиликларсиз жойлашишларини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анъанавий шаклга ўтказилади. Шу даврда дарс машғулотлари бир вақтнинг ўзида ҳам масофавий ҳам анъанавий шаклда олиб борилади”, дейилади хабарда.
Вазирликка кўра, бу жараён ҳар бир олий таълим муассасасининг ички имкониятлари, ўқув жараёнининг ҳозирги ҳолати, мавжуд шарт-шароитларини инобатга олган ҳолда алоҳида режа-график асосида амалга оширилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳар бир таълим масканининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали бериб борилади.
“Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 24 февралдан бошлаб ўқув юртларида таълим жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклда олиб борилишини маълум қилади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси