Расман! Тўқаев куёвлар ортидан Назарбоевнинг жиянини ҳам “учирди”
Олам
−
17 Январь 2022
16531Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абиш бугун, 17 январь куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Қозоғистон Республикаси Президент сайтида давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев МХҚ раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимдан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида расмий ахборот эълон қилинди.
Қозоғистонда намойишлар авжига чиққанида “Orda.Kz” нашри Самат Абиш йўқ бўлиб қолгани, у лавозимидан озод қилиниб, ҳибслангани ҳақида хабар тарқатган эди. Орадан кўп ўтмай, МХҚ Самат Абиш ҳибслангани ҳақидаги баёнотларни рад этиб, у фаолиятини давом эттираётганини билдирганди.
14 январга келиб, МХҚ яна бир баёнот билан чиқиб, Самат Абиш фаолиятини давом эттираётгани, айни вақтда меҳнат таътилида эканини маълум қилди.
“Келаётганган сўровлар муносабати билан Самат Абиш Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритишини маълум қиламиз. Ҳозирда у йиллик таътилда”, дейилганди МХҚ расмий сайтида берилган ахборотда.
43 ёшли генерал-лейтенант Самат Сатибалдиули Абиш Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг укасининг ўғлидир. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси академиясини ва Россия Ташқи разведка хизмати академиясини тамомлаган.
2010 йил январидан 2015 йил декабригача Абиш кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосаригача кўтарилган.
Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Назарбоев айни вақтда БААда қолмоқда. Элбошининг кўринмай қолиши ортидан Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновский Назарбоев аллақачон вафот этган ва уни кўмиб юборишган деган тахминни илгари сурганди.
Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланганди.
Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. Бугун, 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь