Назарбоев Қозоғистондан “қуён бўлгани” айтилди
Олам
−
17 Январь 2022
31759Январь ойидаги тартибсизликлар вақтида кўриниш бермаган Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев жорий йилнинг 2-3 январь кунлари Олма-ота четидаги ўзи туғилиб ўсган Шамалған қишлоғига борган. Сўнг Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетган. Бу ҳақда унинг қишлоқдошлари айтиб берди.
Ҳозирда қишлоқда Назарбоевнинг қариндошлари яшайди. Унинг келганини одамлар машина эскорт билан келганидан билиб қолган. Собиқ Президент қабристонни зиёрат қилмоқчи бўлган, бироқ у ерга етиб бормаган, деган қабрларга қарайдиган қишлоқ аҳолисидан бири “Московский комсомольец”га берган интервьюсида.
Газетанинг қишлоқда маъмурий лавозимда ишлаган суҳбатдошига кўра, Назарбоев Шамалғанга янги йилдан сўнг келган ва касал укаси Болатни кўрган.
“Менга маълум бўлишича, ўшанда Назарбоев ва унинг бир неча оила аъзолари зирҳли машиналарда Қирғизистон чегараси томон кетишган. Уларни у ерда кутиб олишди ва аэропортга олиб кетишди. У ердан Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетишди ”, деган маҳаллий аҳолидан бири.
Маълумот учун, Элбошининг кўринмай қолиши ортидан Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновский Назарбоев аллақачон вафот этган ва уни кўмиб юборишган деган тахминни илгари сурганди.
Шу ўринда Назарбоевнинг яқинлари ҳам БААда экани у ҳам кўрфаз давлатига кетган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланганди.
Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади. Ҳозиргача Беларусь, Арманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.