Валинеъматини сотган Элбоши. Кунаев ўлими ортида Назарбоевнинг қўли борми?
Бу қизиқ
−
16 Январь 2022
818681993 йил 22 август Олма-ота вилояти Алаколь тумани “Оқши” қишлоғи. 1964 йилдан 1986 йилгача Қозоғистон Марказий Компартиясининг биринчи котиби лавозимида ишлаган ва халқнинг меҳрини қозонган Динмухамед Кунаев юрак хуружи оқибатида вафот этди.
25 август, Кунаевни сўнгги манзилга кузатиш куни. У билан видолашишга тўпланганларнинг кўзи йўлда. Кўпчиликни бир савол ўйлантиради: Назарбоев келармикин?!
Дафн маросимига кўплаб давлат арбоблари келди. Аммо Назарбоевдан дарак бўлмади. Тобут кўтарилди, Кунаев Олма-отадаги “Алматы Кенсай” қабристонига дафн этилди.
Қозоғистон тарихида ўчмас из қолдирган, таъбир жоиз бўлса қозоқларнинг Шароф Рашидови дея эътироф этилган Динмухамед Кунаев ва Қозоғистонни 30 йил бошқарган, ўзига ҳайкал қўйган, оқибатда ҳайкали халқнинг нафратидан қўпорилган Назарбоевни нима боғлаган? Нима айирган?
Кунаев ва Назарбоев танишуви
1969 йил Қозоғистон Марказий Компартиясининг биринчи котиби Динмухамед Кунаев Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятига ташриф буюрди. Кунаев заводни кўздан кечириб, ишчилар билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида бир инженернинг сўзлари унга кучли таъсир қилди. Бу ёш инженер Нурсултон Назарбоев эди. Кунаев кўзи порлаб турган бу шижоатли йигитни Қарағанда металлургия комбинатининг партком котиби этиб тайинлашни тавсия қилди.
Кунаевнинг этагидан тутган Назарбоевга омад кулиб боқишни бошлади. Марказий Компартиясининг биринчи котиби билан илк учрашувдаёқ карьерасининг олтин пиллапоясини хатлаган Назарбоев орадан 8 йил ўтиб, 1977 йилда Қарағанда вилоят партия қўмитасининг котиби лавозимига тайинланди.
Бир куни Кунаев навбатдаги Қарағанда сафари вақтида 37 яшар Назарбоевни ўзи билан бирга Каркаралинск шаҳрига таклиф қилди. Сафар чоғида Кунаев Назарбоев билан яқиндан танишди. У вилоят партия қўмитаси котибининг фикр-мулоҳазаларини ва шижоатини мақтаб, уни Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг саноат бўйича котиби лавозимига тавсия қилди. Шундан сўнг, Назарбоев Кунаевнинг энг ишонган одамига айланди. Тез орада Назарбоев Олма-отага кўчиб ўтди. Кунаевнинг оила аъзолари ҳам у билан тезда тил топишди. Ҳатто, Кунаевнинг рафиқаси Зуҳра Шариповна Назарбоевга оналарча меҳр қўйиб, уни “ўғлим” деб атади.
1979 йилда Назарбоев Кунаевнинг таклифи ва албатта, қўллаб-қувватлаши билан Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг котиби бўлди.
Кунаев даврининг интиҳоси
1985 йилда Михаил Сергеевич Горбачёв Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Бош котиби этиб тайинланди. Ҳокимиятга келган Горбачёв бутун Иттифоқ бўйлаб “қайта қуриш” деб номланган сиёсатини илгари сурди. Шу билан бирга, у қариб қолган партия раҳбарларини нафақага чиқариб, уларнинг ўрнига ёш, унга сўзсиз итоат этадиган ёшларни олиб келишни мақсад қилган эди. Сабаби кўплаб Республика раҳбарларининг ёши катта бўлиб, улар Горбачёвнинг сўзини писанд қилмасди. Кунаев ҳам шундай раҳбарлардан бири эди. Бироқ у осонликча таслим бўлишни истамади. Тарихий маълумотларга кўра, Москва Кунаевни имкон қадар тезроқ нафақага чиқармоқчи бўлган. Кремлдаги айрим кучлар эса Назарбоевни қўллаб-қувватлай бошлаган.
Шундан сўнг, Назарбоев Горбачёвдан ўз устозини ўйиндан чиқариш бўйича топшириқ олди. Мукофот ҳам каттагина эди. Горбачёв унга Қозоғистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимини таклиф қилди. Назарбоев кўнгилчан одам, йўқ деёлмади.
1986 йилнинг февраль ойида Қозоғистон Коммунистик партиясининг XVI қурултойида Назарбоев устози Кунаевни кескин танқид қилди. Бундан ташқари, бўлажак Президент ҳеч кимни менсимади. Кунаевнинг нафақат ўзи, балки унинг яқинлари ҳам аяб ўтирилмади. Қозоғистон ССР Фанлар академиясини бошқарган Кунаевнинг укасини ахлоқсиз хатти-ҳаракатларда ва спиртли ичимлик исътемол қилишда айблади. Шунингдек, Кунаев гўёки этник қозоқ эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай одам Республикани бошқаришга ҳақсиз эди. Кўп ўтмай, 1986 йил Кунаев ўз лавозимини тарк этди. У “ўғли”нинг қилмишидан ҳайратга тушди, лекин унга омад тилади.
Ваъдага вафо
Кунаевнинг ўрнига Ульяновск вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Геннадий Васильевич Колбин тайинланди. Горбачёв устозига ҳиёнат қилган шогирдга найранг қилди. 1989 йил 9 январь куни иккинчи котиб лавозимига Нурсултон Назарбоев тайинланди. Бундан ғазабланган Назарбоев орзусига етиш мақсадида турли усуллардан фойдаланди.
Ўзига рус миллатига мансуб раҳбар тайинланганидан маҳаллий қозоқлар норози бўлди. Қозоқ бўлмаган сиёсатчининг энг юқори лавозимга тайинланиши узоқ вақтдан бери тўпланиб келаётган кескинликни авж олиши учун етарли эди. 1986 йилнинг декабрь ойида Олма-отада митинглар бошланди. Бошқа тарафдан бунда Назарбоевнинг ҳам қўли бор эди. Бу намойишлардан қўрқиб қетган Москва Қозоғистон ССРга қозоқ раҳбарни тайинлашдан бошқа чораси қолмаганини тушуниб етди. Бироқ номзодлар унчалик кўп эмасди. Тўғрироғи, эплай оладиган, устоз кўрган номзод.
1989 йил 22 июнь куни Назарбоев Геннадий Колбин ўрнига Республика раҳбари этиб тайинланди.
Инсон – ўз номи билан унутгувчи. Бугун сиз унутасиз, эртага сизни унутишади. Исми нурларга тўлган Назарбоев ҳам мансаб ва шуҳрат шаробидан тотдию бу машваратга, тўкин дастурхонга етаклаб олиб келган устозини унутди.
Назарбоев аслида Горбачёвнинг қўғирчоғи
Бир кам эллик арафасида Қозоғистон СССР бошқарувини қўлга олган Назарбоев айрим ислоҳотларни илгари сурди. 90-йилларга келганда Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиши аниқ бўлди. Бироқ Назарбоев ўз валийнеъматидан ажралишни истамади. У Қозоғистоннинг тўлиқ суверен давлат бўлишдан кўра, СССР қучоғидаги автоном Республика бўлишини хоҳлади. Қолаверса, Назарбоев яхши воситачи эди. У Горбачёв ва Ельцин ўртасидаги келишмовчилик тугунини ечишга ёрдам берди.
1991 йил 19-21 август кунлари Москвада юз берган тўнтариш Назарбоевнинг умидларини ер билан битта қилди. Чунки тўнтаришдан сўнг СССР қулаши аниқ бўлди. Шундан кейин айёр Назарбоев мустақиллик эълон қилинишидан олдинроқ Қозоғистонда Президентлик сайловини ўтказиб, мамлакат раҳбарига айланди. 1991 йил 16 декабрь куни Қозоғистон ўз мустақиллигини эълон қилди. 26 декабрь куни Кремль биносидаги Совет Иттифоқининг қизил байроғи туширилди.
Ўша вақтда нафақага чиққан Динмухамед Кунаев қозоқ халқи орасида жуда катта обрўга эга эди. Бу эса Назарбоевнинг ғашига тегарди. Ахир ким ҳам ҳокимиятни бошқаси билан бўлишишни истайди?! Қолаверса, бугун Қозоғистон халқини қийнаган икки бошлилик сиёсати бундан 30 йил аввал ҳам илтифот билан қабул қилинмасди.
Юқорида Назарбоев ҳокимиятда ўрнини мустаҳкамлаб боргани сари устозини унутганини айтгандик. Энди у нафақат унутди, балки бошқаларга ҳам унуттириш сиёсатининг қамчисини тутди.
Тарих гувоҳ, Кунаев тирик, кимнинг кимлигини билгувчилар бор. Шундай бўлса-да ўз шогирдидан панд еган устоз ўтган воқеаларни қаламга олди ва ёш авлодга ёзиб қолдирди. Кунаев ўзининг “Сталиндан Горбачёвгача” деб номланган китобида Нурсултон Назарбоевни қаттиқ танқид қилди.
1992 йилда Олма-отада нашр этилган “Менинг вақтимда” китобида Динмухамед Кунаев Назарбоев фаолиятига баҳо берар экан, шундай ёзади:
“Бу ўртоқ, албатта, “халқ” учун, тўғрироғи Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (СИКП – КПСС) учун ишлаган. Мана биз қанчалик жасур ва мустақилмиз дейди. Аслида у партия патриархи Горбачёвнинг қўғирчоғи”.
Нуроний жамғармаси раиси Шароф Убайдуллаев “Ozodlik Radiosi”га берган интервьюсида Назарбоев ва Кунаев ўртасидаги муносабат ҳақида шундай дейди:
“1992 йилнинг ноябрь ойида ўртоқ Кунаев Тошкентга келганида, биз катта конференция ўтказдик. Йиғилишда бир журналист Кунаевга “сиз ўртоқ Назарбоевга қандай қарайсиз” деб савол берди. Шунда ўртоқ Кунаев “мен палон йилда Қарағандага борсам, бир чаққон инженер йигит юрган экан. Мен унинг сўзларидан илҳомланиб, уни партком қилиб тайинладим. Орадан бир мунча вақт ўтиб яна борсам, янада илдамлашиб кетган экан. Уни Қарағанда вилоят партия қўмитасининг котиби лавозимига кўтардим . Хуллас, мен уни беш мартта ердан осмонга кўтардим. Вақти келганда мен Назарбоевни ўзимга ворис деб билдим. Лекин мен ишдан кетганимдан сўнг, ўртоқ Назарбоевни бир марта кўрдим. Ўшанда менинг аёлим вафот этган эди. У Қозоғистон Компартиясининг марказий комитетининг аъзолари билан уйимга келди. Шундан кейин мен Назарбоени кўрганим йўқ”, деб жавоб берди”.
Кунаевнинг ўлимида Назарбоевнинг қўли борми?
Мустақил Қозоғистон Президенти бўлган Назарбоев ўзига дарҳол янги “ота” топиб олди. У Россия Президенти Борис Ельциннинг этагидан тутди. Ельцин ислоҳотларидан нусха кўчириб, Қозоғистонда амалга оширди.
Мустақилликнинг илк йилларида кўплаб фабрикалар ёпилди, ишсизлик ва инфляция кучайди, аҳолининг турмуш даражаси пасайди. Халқнинг аҳволи оғирлашганини кўрган Кунаев жимгина кўз юмиб тура оламди. У Назарбоевни яна танқид қилди.
Назарбоев ҳокимиятда узоқ вақт қолишни мақсад қилганди. Бироқ бунга собиқ раҳбар Кунаев тўсиқ эди. 1993 йил 22 август куни Динмухамед Кунаев вафот этди. Унинг вафотидан кейин Назарбоев эркин қушга айланди. 1993 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон парламенти тарқатиб юборилди. Биринчи Конституция бекор қилинди. Хуллас, Назарбоев якка ҳукмронлик учун ўзига шароит яратди. У Ғарбдан катта миқдорда қарз олди. 1994 йилда мамлакатда оммавий хусусийлаштириш бошланди. 1996 йилда Назарбоев ўн минг квадрат километр ерни Хитойга сотди. Айрим сиёсатчилар “Кунаевнинг ўлимида Назарбоевнинг қўли бор”, деган фикрни илгари суришди. Сабаби Кунаев доим Назарбоевни танқид қилган. Бу эса мамлакат ичидаги жамоатчилик кайфиятига таъсир қилиши мумкин эди.
Динмухамед Кунаев 22 йил давомида давлат бошқарувида бўлди. Нурсултон Назарбоев эса 30 йил ҳукмронлик қилиб, ўзи учун ҳайкаллар ўрнатди. Кунаев қозоқ халқи учун ҳақиқий лидер сифатида тарихда қолди.Назарбоев ўрнатган ҳайкаллар эса тириклидаёқ таги билан қўпорилиб, иккига бўлиб ташланди. Тез орада мамлакатни уни номидан тозалаш ёинки, қоралаш сиёсати бошланса ҳам не ажаб.
LiveБарчаси