Путин деворга тақалди – Байден “Кинжал” ишга солингани ҳақида
Олам
−
22 Март 2022
28432АҚШ Президенти Жо Байден Россия Украина билан урушда гипертовушли ракеталардан фойдаланганини тасдиқлади. Америка маъмурияти раҳбари мамлакатнинг 238 етакчи компаниясии раҳбарлари олдида нутқ сўзлаб, Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги уруш мавзусини шарҳлади.
Унинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти НАТО мамлакатлари ўртасида бундай бирдамлик мавжудлигини тасаввур ҳам қилмаган.
“Бундай бирдамликнинг сабаби, жумладан Тинч океани минтақасида [Россия Президенти Владимир] Путиндир. Украинага келсак, биргина ўтган йилнинг ўзида биз бу давлатнинг мудофаа салоҳиятини қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард доллар ажратдик. Украина армияси рус армиясининг танклари ва вертолётларини йўқ қилади, рус армиясини йўқ қилади. Путин деворга тиралди”, деган Байден.
Америка Президенти Кремль “қаттиқроқ тактика” қўллаши мумкинлигини инкор этмаган. Оқ уй раҳбарининг қайд этишича, Россия армияси Украинага қарши ишлатган гипертовушли ракеталарни тутиб олиш деярли мумкин эмас.
“Путин деворга тиралди, у бизнинг бирлигимиз даражаси ёки кучини олдиндан кўра олмади ва унинг орқаси деворга қанчалик яқинлашса, қўлланадиган тактикалар ҳам даҳшатлироқ бўлиши мумкин”, деган Байден.
Шу билан бирга, у Москванинг Украинада кимёвий ва биологик қуроллар мавжудлиги ёки ишлаб чиқилиши ҳақидаги даъволарини рад этди.
Байден Россия Украинада кимёвий қурол ишлатиш учун баҳона қидираётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирганини эслатди.
Авалроқ Байден Ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларига Москва киберҳужумлар билан жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 март куни Россия Украинанинг Ивано-Франковск вилоятида мамлакат Қуролли Кучларининг ракета ва авиация ўқ-дориларининг йирик ер ости омборини “Кинжал” авиация ракета тизимидан фойдаланиб, йўқ қилганди.\
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси