Россия энг замонавий ракетаси билан Украинага зарба берди

Олам 43405
image
-

Россия ҳарбийлари Украинанинг Ивано-Франковск вилоятида мамлакат Қуролли Кучларининг ракета ва авиация ўқ-дориларининг йирик ер ости омборини “Кинжал” авиация ракета тизимидан фойдаланган ҳолда йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

“18 март куни  гипертовушли аэробаллистик ракеталарга эга “Кинжал” авиация-ракета тизими Ивано-Франковск вилояти Делятин қишлоғида Украина қўшинларининг ракета ва авиация ўқ-дорилари сақланадиган йирик ер ости омборини йўқ қилди”, дейди Конашенков.

Генерал-майорнинг сўзларига кўра, Россия Қуролли кучлари Украинага ҳужум бошлаганидан бери  200 га яқин учувчисиз учиш аппарати, 1400 дан ортиқ танк ва бошқа зирҳли техникани йўқ қилган. 

“Ҳужумлар бошланганидан бери жами Украинанинг 196 та учувчисиз учиш аппарати, 1438 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техникаси, 145 та кўп сонли ракета-ташувчилар, 556 та дала артиллерия ва миномётлари, шунингдек, 1237 та махсус ҳарбий техникаси вайрон қилинган”, дейди мудофаа вакили.

Шунингдек, Конашенковга кўра, 19 мартга ўтар кеча Россия авиацияси Украина Қуролли кучларининг тўртта зенит-ракета мажмуасини, шулардан учтаси С-300 ва “Бук-М1” йўқ қилган. 

“19 мартга ўтар кечаси Россиянинг тезкор-тактик, армия ва дронлари Украинанинг 69 та ҳарбий объектига зарба берди. Улар орасида тўртта қўмондонлик пункти, жумладан, Забуянье қишлоғидаги бригада назорат пункти, тўртта зенит-ракета комплекси учта С-300 ва битта Бук-М1, йўл-йўриқ ва нишонни белгилаш учун битта радар станцияси, учта ракета ўрнатиш тизимлари, 12 та ракета ҳамда артиллерия қуроллари омбори, шунингдек, 43 та ҳарбий техника тўплаш жойлари бор”, дейди генерал-майор.

Бундан ташқари, Украинанинг 12 та учувчисиз учиш аппарати Россия Аэрокосмик кучларининг ҳаво мудофааси ёрдамида ҳавода уриб туширилган.

Маълумот ўрнида, “Кинжал” Россиянинг энг сўнгги русумдаги гипертовушли аэробаллистик ракеталар тизими бўлиб, сатционар объектларга ҳам ер усти кемаларига ҳам зарба беришга қодир. Ракета 2017 йилда оммага намойиш қилинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 288
Рейтинг: 3
t
×