КХШТ кучлари Қозоғистонда қанча қолишини ким ҳал қилади? Сўз Путинга

Олам

image

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар контингенти Қозоғистонда бўлиш муддати чкланган. Контингент вазифаларини бажаргандан сўнг, мамлакатдан олиб чиқиб кетилади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон ташаббуси билан чақирилган КХШТнинг онлайн саммитида айтиб ўтди.

“КХШТнинг коллектив тинчликпарвар кучлари контингенти Қозоғистонга жўнатилди ва шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Қозоғистон Президенти, қанча хоҳласа шунча вақт фойдаланиши мумкин. Улар ўз вазифаларини бажаргандан сўнг, албатта, бутун контингент Қозоғистон ҳудудидан олиб чиқилади”, дейди Путин. 

Шу ўринда Россия раҳбари КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар амалиётини ўз вақтида амалга оширилган ва қонуний деб атади.

Путиннинг сўзларига кўра, иттифоқчиларнинг ҳар бири КХШТ ҳарбий гуруҳи таркибида белгиланган вазифаларни бажаришга ҳисса қўшган.

"Барча иштирокчи давлатларнинг бўлинмалари, истисносиз, киришди ва ҳозир ҳам фаол фаолият олиб бормоқда. Бу КХШТ доирасида иштирокчи давлатлар, жумладан, ташкилот тинчликпарвар кучларининг яхлит тизимини шакллантириш бўйича узоқ муддатли, машаққатли ишлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир”, дея таъкидлаган Россия етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликлар давлат тўнтаришига уриниш деб атаганди.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг