“Бунга узоқ тайёргарлик кўрилган”. Тўқаев талатўпларни давлат тўнтаришига уриниш деб атади
Олам
−
10 Январь 2022
7785Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга кўра, мамлакатдаги тартибсизликлар давлат тўнтаришига уриниш. Бу ҳақда у Қозоғистон ташаббуси билан чақирилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг онлайн саммитида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликларга кўпдан бери тайёргарлик кўрилган. Мамлакатдаги бошбошдоқликлар тўлқини “бир буйруқ асосида” пайдо бўлган.
Мамлакат раҳбари Қозоғистондаги бузғунчи тузилмалар қурол-яроғ ва ҳарбий техникани эгаллаб олишга уринаётганини айтган. Шунингдек, у Қозоғистонда ҳуқуқ-тартибот идораларининг 16 нафар ходими ҳалок бўлганини, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони аниқланаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Тўқаев Қозоғистондаги тартибсизликларда террорчилар, жумладан, хорижий жангарилар бевосита иштирок этаётгани ҳамда икки аскарнинг боши кесилганини эълон қилган. Президент, шунингдек Қозоғистон кейинроқ дунёга террористик тажовузга тайёргарлик кўрганига оид далилларни тақдим этишини алоҳида таъкидлаган.
Унга кўра, Қозоғистонда конституциявий тузум тикланган. Тўқаев эртага, 11 январь куни ҳукуматнинг янги таркиби бўйича таклифлар киритишини айтган.
“Январнинг бир неча куни давомида Қозоғистон кенг кўламли инқирозни бошидан кечирди. Бу бутун мустақилликнинг ўттиз йиллик тарихидаги энг оғир инқирозга айланди”, дейди Тўқаев.
Тўқаев КХШТнинг барча давлатлари Қозоғистонга ёрдам бериш учун ягона фронт сифатида ҳаракат қилганини, ўзининг долзарблиги ва самарадорлигини кўрсатганини, унинг тинчликпарвар контингентининг мамлакатдаги миссияси фойдали бўлганини айтган. Қозоғистон раҳбарининг таъкидлашича, КХШТ кучларининг келиши Олма-отани террорчилардан қайтариб олишга ёрдам берган. У, шунингдек, Путинга мавжуд вазиятни бартараф этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь