КХШТ Қозоғистонга кириши керакмиди? АҚШ ва Россия ўртасида даҳанаки жанг авжига чиқди
Олам
−
08 Январь 2022
20383Америка Қўшма Штатлари Қозоғистондаги воқеалардан хавотирда, бироқ у Республика КХШТ ёрдамисиз ҳам вазиятдан чиқиб кета олади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен таъкидлади.
“Биз Қозоғистондаги фавқулодда вазиятдан жуда хавотирдамиз, биз расмийларни мутаносиб, тўғри, намойишчилар ҳуқуқларига мос келадиган тарзда жавоб қайтариш ҳақида огоҳлантирдик”, деган Блинкен журналистларга.
Блинкеннинг айтишича, Қозоғистоннинг КХШТга сўрови АҚШ томонидан саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Вашингтон ҳисоб-китобларига кўра, Республика вазиятни ўзи ҳал қилиш учун етарли ресурсларга эга.
“Улар нима учун ташқи ёрдамга эҳтиёж сезгани номаълум”, деган давлат котиби.
У тартибсизликларни иқтисодий сабаблар билан изоҳлаган.
“Ўтмишдаги тарихдан бир сабоқ: сизнинг уйингизда руслар бўлса, уларни чиқариб юбориш қийин бўлиши мумкин”, деган Блинкен.
Блинкеннинг сўзларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги жавоб қайтарган. ТИВга кўра, Блинкеннинг баёнотлари – сурбетлик услубидаги ҳазил.
“Агар Энтони Блинкен тарих сабоқларини шунчалик яхши кўрса, у қуйидагиларни назарда тутсин: агар америкаликлар сизнинг уйингизда бўлса, ўғирлик ёки зўрланиш уёқда турсин, тирик қолишнинг ўзи ҳам қийин бўлиши мумкин”, дейилади ТИВ жавобида.
Эслатиб ўтамиз, КХШТ орқали Қозоғистонга Россиядан 3 минг, Беларусдан 500, Тожикистондан 200, Қирғизистондан 150, Арманистондан 100 нафар аскар киритилмоқда.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди. Қўлга олинганлар сони ҳозирда 4 мингдан ошиб кетган.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси