Россия мамлакатда ХЖСнинг тергов ўтказишини тақиқламоқчи
Олам
−
09:00
1924Россия Давлат Думаси депутатлари кеча, 11 декабрь куни мамлакат ҳудудида хорижий амалдорлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилганлик учун жазони назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Дума матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси Жиноят кодексига Россиянинг миллий манфаатлари ва суверенитетини ҳуқуқий соҳада ҳимоя қилишга қаратилган янги (294.1) моддани киритади.
Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида мисол тариқасида Халқаро жиноий суд ва Россиянинг ҳарбий жиноятларига оид далилларни тўплайдиган “дўстона бўлмаган мамлакатлар” ҳуқуқ-тартибот идоралари келтирилган. Ҳужжатга кўра, далиллар тўплаш, тезкор-қидирув тадбирлари, фуқароларни сўроқ қилиш ва улардан экспертиза ўтказиш учун намуналар олиш, агар улар Россия ваколатли органлари иштирокисиз амалга оширилса, ноқонуний деб тан олиниши керак.
Агар қонун қабул қилинса, қоидабузарлар икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши ва 500 мингдан икки миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин. Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, “Ягона Россия” депутати Василий Пискарёвнинг айтишича, бу ташаббус Россия фуқароларини хорижий ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашувидан ҳимоя қилишга қаратилган.
ХЖС Путинни ҳибсга олиш учун ордер бериши
2023 йил март ойида Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва Россиядаги Болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар Украинадаги уруш пайтида содир этилган ҳарбий жиноятларда гумон қилинмоқда. Москва ХЖТ қарорини асоссиз деб атаган ва Россия Тергов қўмитасининг ўзи прокурор ва ХЖС судьяларига қарши жиноий иш очган. Тергов қўмитаси Путинни таъқиб қилиш ноқонуний эканини билдирган.
Бу ордер туфайли Владимир Путин Рим низомини имзолаган давлатларга саёҳат қилишдан бош тортиши ва шу тариқа ХЖТ буйруқларини бажариш мажбуриятини олган. Шундай қилиб, 2023 йил август ойида у Жанубий Африкадаги BRICS саммитига бормади, гарчи мамлакат расмийлари уни ҳибсга олмасликларини аниқ билдирган бўлишига қарамасдан. 2024 йил сентябрь ойида Россия Президенти Рим низомини имзолаган Мўғулистонга ташриф буюрди, бироқ Улан-Батор Путинни ХЖТ ҳибсга олиш ордерини бажаришдан бош тортди ва бу қарорини Россияга энергетика қарамлиги билан изоҳлади.
LiveБарчаси