Қозоғистон КХШТ кучларининг ёрдамига қараб қолганмиди? Нега Тўқаев мамлакатни ўзи тинчита олмади?

Таҳлил 21858

Маълумки, Қозоғистонда содир бўлаётган оммавий норозилик намойишлари ва қўпорувчилик ҳаракатларини бостириш учун Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик ташкилотидан ёрдам сўради. 

Кеча, 6 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Шу асосда кечанинг ўзида КХШТ кучлари Қозоғистонга киришни бошлади. Бунда биринчилардан бўлиб Россия ва Беларусь отни қамчилади.

Хўш, КХШТ номи остида ташкилотга аъзо давлатларнинг неча нафар ҳарбийлари Қозоғистонга киритилмоқда? Бунда сон бўйича кимнинг қўли баланд келмоқда. 

Сўнгги маълумотларга кўра, ташкилотда асосий ташаббускор бўлган Россия Қозоғистонга нақ 3 минг нафар ҳарбий киритмоқда. 

28 йилдан буён Александр Лукашенко бошқарувида бўлган Беларуснинг чекига эса 500 нафар ҳарбий киритиш тушган. 

Воқеаларни жим кузатиб келаётган Тожикистон эса ушбу намойишларни бостириш жараёнида 200 аскари билан КХШТ номидан иштирок этади. 

Қирғизистон эса Қозоғистонга 150 нафарлик ҳарбий ёрдам бермоқчи. Бироқ мамлакат пойтахти Бишкекда аллақачон жамоатчилик фаоллари Қозоғистонга КХШТ номи остида ҳарбий киритишга қарши чиқмоқда. Норозиликлар асосан парламент биноси атрофида бўлмоқда. 

Қорабоғ урушида ўзи ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўрагану лекин умиди сўнган, Қозоғистондаги намойишлар бошланган илк кунданоқ ҳали Владимир Путин, ҳали Тўқаев билан мулоқот қилиб бораётган Бош вазир Никол Пашинян Қозоғистонга бор-йўғи 100 нафар арман аскарини киритишга қарор қилди. 

КХШТ Бош котигибига кўра: 

•    Тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисидаги қарор Қозоғистон раҳбари Тўқаевнинг илтимосига кўра КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан биргаликда қабул қилинган. (Ташкилотга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради). 

•    Контингент чекланган муддатга киритилади. Мақсад: мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш. 

•    Қозоғистондаги КХШТ кучлари тартибни тикламайди – уларнинг роли ҳарбий инфратузилма ва бошқа объектларни ҳимоя қилишда. 

•    КХШТ Қозоғистондаги воқеаларни давлат хавфсизлиги ва яхлитлигига зўравонлик билан путур етказиш мақсадида ташқаридан қўзғатилган уриниш сифатида баҳолайди. 

•    Барча тинчликпарвар кучлар операция якунланганидан кейин Қозоғистондан олиб чиқилади.  Уларнинг бўлиш муддати вазиятга ва республика раҳбариятининг қарорига боғлиқ бўлади. 

•    КХШТ вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга ўз контингентини жўнатиш тўғрисида БМТ ва ЕХҲТни хабардор қилган.

КХШТ низомида белгиланишича, КХШТнинг вазифаси шартномада иштирок этувчи давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдир. Бироқ бугунгача намойишларда халқаро кучлар вакиллари қўлга олинмаган. Шунингдек, жавобгарликка тортилганлар орасида ҳам халқаро террорчилик ташкилотларига аъзолар аниқланмаган.

Айни вақтда халқаро сиёсатчилар Тўқаевнинг КХШТни мамлакатга таклиф қилишини муҳокама қилмоқда. Экспертлар “Қозоғистоннинг КХШТнинг 5 минг кишилик аскарига эҳтиёжи бормиди?”, деган саволни ўртага ташламоқда. 

Globalfirepower маълумотларига кўра, Қозоғистон дунё мамлакатларининг ҳарбий салоҳияти бўйича рейтингида 140 мамлакат ичида 61-ўринда турибди. Айни вақтда мамлакат қуролли кучларида хизмат қилаётган ҳарбийлар 167 минг нафарни ташкил этади. Шундан 135 минг нафари фаол меҳнат лаёқатига эга. 

Техник воситалари: 

•    ҳаво кучлари – 38 та;
•    танк – 300 та;
•    зиҳрли транспорт воситалари – 1200 та;
•    артиллерия техникаси – 246 та;
•    ракета отувчи техникалар – 407 та. 

Энг қизиғи шундаки, КХШТга аъзо ва бугун Қозоғистонга кирган мамлакатларнинг аксарияти ҳарбий салоҳият бўйича Қозоғистондан анча ортда. Масалан, Арманистон 100-ўринда, Тожикистон 99-ўринда, Қирғизистон 93-ўринда. Беларусь эса рейтингда 50-ўринни банд этган. Россия эса табиийки, 2-ўринда турибди. Ўзбекистон ушбу рейтингнинг 51-ўринида бормоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 770
Рейтинг: 4
t
×