“Қовунчи” Байден, Ангрендан жасади топилган сайёҳ, 6 журналистни олиб кетган ЙТҲ – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
12 Январь 2022 11392 9 дақиқа
Жамият
Расман: Ўзбекистонда пандемия хавотирли тус олаётгани эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яна хавотирли тус олаётганини эълон қилди. Қайд этилишича, кеча, 11 январь куни республика бўйлаб касалланишлар сони 600 тадан ошган, 4 нафар бемор вафот этган.
Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 201759 (+604) нафарни ташкил этмоқда.
“Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, COVID-19нинг янги "omicron" штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир.
Афсуски, сўнгги кунларда юртимизда ҳам касалланишлар сони яна орта бошлади. Хусусан, мамлакатимизда "omicron" штамми аниқланди. Шу сабабли барча юртдошларимиздан дунёдаги мураккаб пандемик ҳолатдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, касалликка қарши тўлиқ эмланишларини сўраб қоламиз”, дейилади ССВ хабарида.
Даҳшат! Ангренда музлаб қолган сайёҳнинг жасади топилди
Жорий йилнинг 10 январь куни Ангрен ИЕСга қарашли дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан дам олиш учун келган 70 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотида марҳумнинг ўлимига умумий ташқи муҳитдаги паст ҳарорат таъсирида организмни умумий совуқ қотиши сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Баъзи манбаларда эркакнинг тошкентлик сайёҳ экани айтилмоқда. Таъкидланишича, у яқин йўлдан юриш учун шерикларидан ажралган ва музлаб қолган.
Ҳарбий хизматга қабул қилиш тартиби ўзгаради
Ўзбекистонда ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби ўзгариши мумкин. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги идоралараро қарор лойиҳасида сўз боради. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Унга кўра, номзод Саралаш комиссияси котибига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
• биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
• ҳарбий гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
• туғилганлик ҳақида гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
• номзод томонидан қўлда ёки компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;
• анкета-маълумотнома.
Тошкент вилоятида 2,4 мингга яқин маҳкум муддатидан олдин озод этилгани маълум бўлди
Тошкент вилоятида 2021 йил ичида 2,4 мингга яқин маҳкум муддатидан олдин озод этилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Тошкент вилояти ИИББ Пробация бўлими Пробация ҳисобида турувчи назоратдаги шахслар билан ўтказилган профилактик тадбир ва сайёр судларда, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, чекловларга тўлиқ риоя этган 2 минг 398 нафар назоратдаги шахснинг жазоси муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.
Суриядаги жангариларга қўшилмоқчи бўлган ўзбекистонлик Россияда ушланди
Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган ўзбекистонлик ушланди. У Россияда "Тавҳид ва жиҳод катибаси" террористик гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Х. 2016-2021 йилларда меҳнат мигранти сифатида Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали Сурия давлати ҳудудидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.
Олам
Хитой Афғонистоннинг тарафини олиб, АҚШни огоҳлантирди
10 январь куни, Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШга Афғонистоннинг музлатилган бойликларини қайтариш ва унга нисбатан қўйилган санкцияларни бекор қилишини талаб қилиб, баёнот билан чиққан.
Бунга сабаб, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Биродарнинг АҚШ устидан шикояти бўлган. Унга кўра, Афғонистон бўйлаб кузатилаётган қишки ёғингарчиликлар ва совуқ озиқ-овқат ва кийим-кечакка муҳтож афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирган. АҚШ жорий қилган санкциялар эса мамлакат иқтисоди учун жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Озарбайжон-Арманистон чегарасида вазият кескинлашди. АҚШга ахборот берилди
Арманистон қуролли кучларининг 11 январь куни тушдан бошлаб уюштирган провокацияси натижасида Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Калбажар вилояти йўналишида вазият кескинлашди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Озарбайжон армиясининг кўрсатилган йўналишдаги бўлинмалари ҳеч қандай авиация ва артиллерия воситаларидан фойдаланмасдан, душманни бостириш учун тегишли жавоб чораларини кўрмоқда.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ҳозирда оператив вазият Озарбайжон армияси бўлинмалари назорати остида.
АҚШ КХШТни Қозоғистонни тарк этишга чақирмоқда
АҚШ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тинчликпарвар кучлари Қозоғистонда ўз миссиясини бажараётгани ҳақидаги эълонни олқишлайди ва контингентни ушбу мамлакат расмийлари талабига биноан республикани тезда тарк этишга чақиради. Бу ҳақда кеча, 11 январь куни бўлиб ўтган брифингда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс маълум қилди.
"Биз Олмаотадаги [вазиятни] тинчлантириш ҳақидаги хабарларни олқишлаймиз. Шунингдек, резидент [Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт] Тўқаевнинг КХШТ тинчликпарвар кучлари ўз миссиясини бажарганлиги ҳақидаги эълонини олқишлаймиз. Қўшинлар олиб чиқиб кетилган бўлса, биз барча тинчликпарвар кучларни халқаро инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва Қозоғистон сўровига кўра, мамлакатни зудлик билан тарк этиш мажбуриятини бажаришга чақиришда давом этамиз”, дейди у.
Мудҳиш ЙТҲда 14 киши, жумладан 6 журналист вафот этди
Кеча, 11 январь куни Танзания шимолида енгил автомобиль ҳамда микроавтобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда тахминан 14 нафар одам ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида 6 нафар журналист ҳам борлиги айтилмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, журналистлар Симийю вилоятига танишув саёҳатини амалга ошираётган бўлган. Аммо тўсатдан уларнинг машинаси микроавтобус билан тўқнашиб кетган. Оқибатда 11 киши воқеа жойида, яна уч киши шифохонада вафот этган.
Ўзбекистонни Қозоғистон харитасига қўшиб олган Умаров юқори лавозимни эгаллади
Кеча, 11 январь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Республика Ҳукуматининг янги таркиби тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Унда мамлакат Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимини вазирликнинг собиқ ўринбосари бўлган Асқар Умаров эгаллаган.
Ушбу тайинлов қозоқларда ва айниқса, ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Умаров мамлакатда очиқчасига русофоб сифатида танилган. Унинг Россияга кириши расман тақиқланган.
Қозоғистонда тартибсизликлар бошланганидан кейин истеъфога чиққан собиқ ҳукуматда Умаров ахборот вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.
“Толибон” Ўзбекистон ва Тожикистонни афғон самолётларини қайтаришга чақирди
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистон расмийларини Марказий Осиёнинг ушбу Республикаларига олиб ўтилган самолётларни қайтаришга чақиради. Бу ҳақда маҳаллий “TOLOnews” телеканали хабар берган.
“Тожикистон ёки Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётларимиз қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ёки бу давлатлар фойдаланишига йўл қўймаймиз. Келажакдаги ҳаво кучларимиз ҳеч қандай давлатга боғлиқ бўлмайди”, деган толиблар томонидан тайинланган Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб.
Қария Байден яна “қовун туширди”
Америка етакчиси Жо Байден яна бир бор АҚШ вице-президенти Камола Харрисни давлат раҳбари деб атади. Бу ҳақда “Fox News” хабар бермоқда.
Воқеа кеча, 11 январь куни Байденнинг Атлантадаги Университет марказидаги нутқи чоғида юз берган.
“Ўтган ҳафта Президент Харрис ва мен Капитолийда ҳикоямизни “олдин ва кейин”га ажратган лаҳзалардан бирини муҳокама қилдик”, деган Байден.
Вазият жиддий: пандемия давридаги рекорд қайд этилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, жорий йилнинг 3 январидан 9 январигача бўлган вақт давомида дунёда 15 154 666 та янги коронавирус инфекцияси ҳолати қайд этилган. Бу бутун пандемия давридаги рекорддир.
Европада энг юқори ўсиш ҳолати кузатилган — 7,1 млн. Шунингдек, 43 461 киши вафот этган.
Хитойда Ўзбекистон омбори очилди
Ўтган йилнинг 27 декабрь куни Хитойнинг Ганьсу провинциясида Тошкентнинг хориждаги омборлари очилди.
Фойдали ҳажми 9 минг куб метр бўлган янги омборлар Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган товарларни саралаш функциясини бажаради. Хабарда айтилишича, хорижда омборлар ташкил этилиши ҳисобига товарларни харидорларга етказиб бериш муддати 30 кундан уч ёки тўрт кунгача қисқартирилиши мумкин.
Қозоғистон элчиси Назарбоев қаерда эканини айтди
Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев айни дамда Республика пойтахтида. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Сержан Абдикаримов маълум қилди.
“Назарбоев Қозоғистон пойтахтида. У дўст давлатлар раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан доимий алоқада. У вазиятни кузатмоқда”, деган Абдикаримов бугун, 12 январь куни Бакуда ўтказилган матбуот анжуманида.
Спорт
Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи ва футболчиси коронавирусга чалинди
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчи Ҳожимат Эркиновда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
“Бугунги кунда яна тез суратларда тарқалаётган коронавирус инфекцияси футбол оламига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам Cовид-19 билан боғлиқ вазият четлаб ўтмади. Хусусан, миллий терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец Дубайдаги йиғинга Словениядан етиб келиши режалаштирилган эди. Бироқ, бевосита кетиш олдидан топширилган тест мусбат натижани келтириб чиқарган. Шу тариқа, словениялик мутахассис ўз юртида карантин ўташга мажбур бўлди. Умид қиламизки, карантин даври тугагач, мураббийимиз ўз соғлиғини тиклаган ҳолда терма жамоа бошқарувига қайтади. Унга қадар Катанецнинг ёрдамчи мураббийлари йиғиннинг бошланғич қисмида терма жамоани бошқариб туради”, дейилади хабарда.
“Реал” собиқ дарвозабони Мессига “тош отди”
“Реал”нинг собиқ дарвозабони Ежи Дудек Лионель Мессининг “Эль-Класико”даги хатти-ҳаракатлари ҳақида гапирди.
“У ёлғончи ва провокацион футболчи эди, худди бутун “Барселона” каби, Хосеп Гвардиола билан бирга. Мен Мессининг Пепе ва Рамосга қўпол сўзлар айтганини эшитганимда, унинг бундай инсон эканига ишониш қийин бўлган эди”, дейди Дудек “Daily Mail”га берган интервьюсида.
UFC титулсиз супер жанг ташкил этади
UFC ярим ўрта вазн тоифаси жангчилари – Хорхе Масвидаль ва Колби Ковингтон ўртасидаги жанг жорий йилнинг 5 март куни UFC 272нинг асосий жанги бўлиши мумкин. Бу ҳақда ESPN ташкилотнинг юридик бўлими раҳбари Хантер Кемпбеллга асосланиб, хабар бермоқда.
Ҳар икки америкалик жанг учун расмий шартнома имзоламаган, бироқ Кемпбеллнинг сўзларига кўра, титулдан ташқари жанг ўтказиш бўйича деярли келишувга эришилган.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль