“Запрет”га тушган Отажонов, “Толибон”га қарши очилган уруш ва қўшниларини “хуркитган” КХДР – кун дайжести
Жамият
−
19 Октябрь 2021 16352 5 дақиқа
Бугун, 19 октябрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда юз берган муҳим воқеалар билан якунига етмоқда. Ўзбекистонда қатор қоидабузарликлар учун жарималар камайтирилаётган бўлса, Узоқ Шарқда КХДР қўшниларини янги ракета синови билан ваҳимага соляпти. Ҳокимиятга келганига кўп бўлмаган "Толибон" ҳаракати Афғонистонда янги партизанлик уруши билан қарама-қарши турибди. Бугуннинг муҳим воқеалари билан қисқа сатрларда танишинг.
Жамият
“Дом”ларнинг ертўласидан нима учун фойдаланиш мумкинлиги белиланди
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 15 октябридаги қарори билан Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ертўладан фойдаланиш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг розилигига асосан амалга оширилади.
Ертўладан жойлар фақат ертўлада шуғулланилиши мумкин бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун берилади. Бундай фаолият турлари низомда аниқ белгиланган.
Беш турдаги ҳуқуқбузарлик учун жарималар миқдори камайтирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 5 та моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган жарималар миқдори маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб кескин камайтирилмоқда. Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтириляпти.
2022 йилда соҳаларга қанча маблағ ажратиш режалаштирилгани маълум бўлди
Давлат бюджети лойиҳасида 2022 йилда ижтимоий соҳага маблағ ажратилишининг устуворлиги таъминланган ҳолда, уларнинг салкам 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига ҳамма тадбирларни ва тарбияланувчилар сони ошганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилга нисбатан 2,2 триллион сўм кўпайтирилиб, 8,7 триллион сўм, халқ таълимига 30,3 триллион сўм ёки 6,5 триллион сўм кўп, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм ёки 3,1 триллион сўм кўп маблағ ажратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан маълум қилинишича, 2022 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 22,6 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 11 фоизи режалаштирилган.
Ўзбекистонда гўштни импорт қилиш вақтинча ҚҚСдан озод этилмоқда
2021 йил 10 октябрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда қатор гўшт, тирик ҳайвонлар ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларини, картошкани ҳамда музлатилган балиқ маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириш, уларни реализация қилиш қўшимча қиймат солиғидан озод этилади.
Андижонда маст эркак шифокорни дўппослади
Жорий йил 17 октябрь куни Андижон вилоятида маст ҳолатда тез тиббий ёрдам шифокорини дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди.
Жаҳонгир Отажоновнинг Ўзбекистондан чиқишига тақиқ қўйилди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни хонанда Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, унда хорижга чиқиши учун Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан тақиқ қўйилганлиги сабабли, четга чиқа олмаганлигини билдирган.
Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон муфтийси этиб сайланди
Бугун, 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.
Олам
Инсоният тақдирини “бир ҳовуч” давлатларга топшириб бўлмайди – Эрдўған
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған инсоният тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган “бир ҳовуч давлат”лар марҳаматига қараб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
“Инсоният тақдирини Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган бир қанча давлатлар раҳм-шафқатига қолдириб бўлмайди ва қолдирмаслик керак. Дунё ўзгармоқда, дипломатия, савдо, халқаро муносабатлар тубдан ўзгармоқда, глобал хавфсизлик архитектураси ўзгармаслигини тасаввур қилиб бўлмайди”, деган Эрдўған Анголага ташрифи давомида ушбу давлат парламентидаги чиқишида.
КХДР Япон денгизи томон ракета учирди
Бугун, 19 октябрь куни Жанубий Корея ҳарбийлари Корея Халқ Демократик Республикаси Япон денгизи томон номаълум ўқ отгани ҳақида хабар берди. Кейинчалик, баллистик ракета синовдан ўтгани аниқланди.
Туркиялик хакер Трампнинг веб-сайтини бузди
Туркиялик деб тахмин қилинган хакер АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг сайтини бузди ва у ерда Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан видеолавҳани эълон қилди.
Аҳмад Масъуд кучлари “Толибон”га қарши партизанлик урушини бошлади
Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Афғонистон миллий қаршилик фронти Каписа вилоятида “Толибон”га қарши қуролли кураш бошланганини маълум қилди.
Apple MacBook’нинг янги моделларини тақдим этди
Кеча, 18 октябрь куни Apple Inc (AAPL.O) иккита кучли M1 MAX ва M1 PRO чипли MacBook Pro моделини тақдим қилди. Ушбу MacBook Pro аввалги Intel Corp (INTC.O) дан анча фарқ қилади.
Кекса дипломат лавозимидан кетади. АҚШда Байденнинг Афғонистон сиёсати текширилади
АҚШ Давлат департаменти бош инспектори Дайан Шоу америкалик дипломатларнинг афғон секторидаги фаолиятининг бир қатор тоифаларини кўриб чиқишни бошлайди.
Таъкидланишича, бу текширув биринчи навбатда Американинг Афғонистондаги дипломатик иштирокини чеклаш ҳолатларига, шунингдек ҳокимиятга “Толибон” ҳаракати келганидан сўнг, мамлакатдан одамларни фавқулодда эвакуация қилишга тегишли.
Спорт
Шаҳрам Ғиёсов нима учун ҳаваскор боксга қайтгани маълум бўлди
Бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони, Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов Жаҳон чемпионати олдидан ҳаваскор боксдаги рақиблари профессионал боксдаги чемпионлик жанги ҳақида фикр билдирди.
“Ҳаваскор боксга ўзимга ташлаган “чақирув”им қайтарди. Профессионал боксга ўтганимдан кейин кўпчилик мени ҳар томонлама профессионал бўлиб кетди, деб айтмоқда. Мақсадим ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор боксда юқори натижалар кўрсатиш. Мен ўтган вақт давомида бекорга меҳнат қилмаганим ва қанча нарсадан воз кечганимни кўрсатишим керак. Ўз олдимга жонажон ватанимиз байроғини юқорига кўтариш ва олтин медаль қўлга киритишни мақсад қилиб қўйдим. Шунинг учун ҳам ўзимга ўзим “чақирув” ташладим” дейди Ғиёсов.
UEFA Евро-2020 финалидаги тартибсизлик учун Англияни жазолади
UEFA Лондондаги “Уэмбли” стадионида ўтган Евро-2020 финалида юз берган тартибсизликлар учун Англия терма жамоасини жазолади.
Баҳодир Жалолов нега ЖЧда иштирок этмайди?
Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев Баҳодир Жалоловнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этмаётгани, Куба терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулотларнинг фойдали томонлари, Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовнинг таркибга жалб қилиниши ҳамда ҳакамлик масалалари ҳақида маълум қилди.
Live
Барчаси