Андижонда маст эркак шифокорни дўппослади

3-саҳифа

image

Жорий йил 17 октябрь куни Андижон вилоятида маст ҳолатда тез тиббий ёрдам шифокорини дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, фуқаро Б.Т. бемор онаси Г.У.ни ўз шахсий автомобилида “тез ёрдам” шохобчасига олиб келган. 27 ёшли навбатчи шифокор Шоҳруҳ Зокиров беморга зарур тиббий ёрдамни кўрсатган.

Аммо бемор Г.У.нинг қон босими меъёрлашиб, умумий ҳолати яхшиланишига қарамай, фуқаро Б.Т. онасига кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан қониқмаган. Шу сабаб шифокорларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, ўз хизмат вазифасини ўтаётган яна бир шифокор – М.Деҳқоновнинг ёқасидан олган ва уни бўғган. 

Шундан сўнг, Б.Т. ҳамкасбини ажратиш учун борган шифокор Ш.Зокировнинг юзига ҳам мушт туширган. Шифокорнинг мушт зарбидан ерга йиқилишига қарамасдан муштумзўр унинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, жиддий жароҳат етказган. 

Оқибатда, Ш. Зокиров Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига ётқизилган. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси давомида Ш. Зокировга бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, иккала кўз қовоқлари ва бурун соҳасидаги қонталаш ташхиси қўйилган.

Хабарга кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси  3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилди ва тиббиёт ходимига тажовуз қилган  Б.Т.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг