Шаҳрам Ғиёсов нима учун ҳаваскор боксга қайтгани маълум бўлди
Спорт
−
19 Октябрь 2021
6470Бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони, Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов Жаҳон чемпионати олдидан ҳаваскор боксдаги рақиблари профессионал боксдаги чемпионлик жанги ҳақида фикр билдирди.
“Ҳаваскор боксга ўзимга ташлаган “чақирув”им қайтарди. Профессионал боксга ўтганимдан кейин кўпчилик мени ҳар томонлама профессионал бўлиб кетди, деб айтмоқда. Мақсадим ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор боксда юқори натижалар кўрсатиш. Мен ўтган вақт давомида бекорга меҳнат қилмаганим ва қанча нарсадан воз кечганимни кўрсатишим керак. Ўз олдимга жонажон ватанимиз байроғини юқорига кўтариш ва олтин медаль қўлга киритишни мақсад қилиб қўйдим. Шунинг учун ҳам ўзимга ўзим “чақирув” ташладим” дейди Ғиёсов.
Шунингдек, Шаҳрам Ғиёсов Олимпиада ва Жаҳон чемпионатида унга рақиблик қилган ва айни пайтда бирга машғулот олиб бораётган Рониэль Иглесиас ҳақида фикр билдирди:
“Иглесиас билан жанг қилмаганимга 4 йил бўлибди. Шунча вақтдан бери у ҳаваскор боксда янада кўпроқ тажриба тўплади ва Олимпиада чемпиони бўлди. Мен эса профессионал боксда 11 та жанг ўтказдим. У жуда кучли рақиб ҳисобланади. Шу пайтгача 3 марта тўқнаш келганмиз. Тўғри, машғулотларда бир-биримизга “сирларимизни” ошкор қилмаяпмиз. Барчаси рингда аниқ бўлади. Биласизми, бир-биримизни китобдек ўқиб бўлганмиз. Агар қайсидир босқичда тўқнаш келиб қолсак, кимнинг жисмоний ва руҳий ҳолати яхши бўлса, ўша ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Жаҳон чемпионатидан сўнг, 3-4 кун ичида АҚШга жўнаб кетаман ва насиб қилса, 2022 йилда чемпионлик камарини Ўзбекистонга олиб келаман”.
Маълумот учун, бокс бўйича Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 октябридан 6 ноябрига қадар Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилади. Мусобақа олдидан Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод” спорт базасида Ўзбекистон ва Куба терма жамоаси биргаликда йиғин ўтказмоқда. Шаҳрам Ғиёсов эса турнирда 71 кг вазн тоифасида иштирок этиши кутилмоқда.
LiveБарчаси