Кекса дипломат лавозимидан кетади. АҚШда Байденнинг Афғонистон сиёсати текширилади

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти бош инспектори Дайан Шоу америкалик дипломатларнинг афғон секторидаги фаолиятининг бир қатор тоифаларини кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда “Politico” хабар берган.  

Таъкидланишича, бу текширув биринчи навбатда Американинг Афғонистондаги дипломатик иштирокини чеклаш ҳолатларига, шунингдек ҳокимиятга “Толибон” ҳаракати келганидан сўнг, мамлакатдан одамларни фавқулодда эвакуация қилишга тегишли. 

Қайд этилишича, Афғонистон фуқароларига Америка иммиграцион кириш визаларини бериш, АҚШга бундай одамларни жойлаштириш ва Қобул халқаро аэропортидан фавқулодда эвакуация қилиш дастурлари кўриб чиқилади. 

Нашр, шунингдек Шоунинг Сенатнинг тегишли қўмиталарига ва Конгресс Вакиллар палатасига юборган ёзма хабарномасига иқтибос келтирган. Бу ҳужжатда Давлат департаменти аудиторининг “бир қатор назорат лойиҳаларини” амалга ошириш нияти борлиги қайд этилган. 

Давлат департаменти вакили Райан Холденга кўра, бу лойиҳаларни тергов деб айтиш нотўғри. 

Таъкидланишича, АҚШнинг Афғонистондан шошилинч равишда чиқиб кетиши шартлари Конгресснинг бир қанча қўмиталари томонидан ўрганилмоқда. Улар орасида Сенат ва Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмиталари, шунингдек махсус разведка қўмиталари бор. Бундан ташқари, АҚШ ҳукуматининг Афғонистондаги реконструкция ишлари бўйича бош инспектори Жон Сопко ва Пентагон бош инспектори вазифасини бажарувчи Шон О’Доннелл ҳам шунга ўхшаш текширувлар ўтказиши кутилмоқда. 

Маълумотларга кўра, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўз лавозимини тарк этди, қарор тез орада расман эълон қилинади. Ушбу вазифани унинг ўринбосари Том Уэст эгаллаши айтилган. Залмай Халилзод 2001 йил декабрда ушбу лавозимга тайинланган эди.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади. 

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг