Баҳодир Жалолов нега ЖЧда иштирок этмайди? Сўз унинг мураббийига

Интервью 25112
image

Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев Баҳодир Жалоловнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этмаётгани, Куба терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулотларнинг фойдали томонлари, Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовнинг таркибга жалб қилиниши ҳамда ҳакамлик масалалари ҳақида гапирди.

“Баҳодир Жалолов Жаҳон чемпионатига бормайди. Олимпиададан сўнг, у спорт тарғиботи учун жуда кўп тадбирларда иштирок этди ва машғулотларни ўзи истаганидек ўтказа олмади. Мусобақада номига иштирок этиб қайтиш ниятимиз йўқ. У Олимпиада ва Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, бу эса ҳар сафар осонликча ғалаба қозонишни англатмайди. Биз боксчимиздан хафа эмасмиз, сабаби Ватан бизга нимадир беряптими, биз ҳам унга бера олишимиз шарт. Ҳар бир вазн тоифасида рақобат бор. Баҳодирнинг ўрнига Лазизбек Муллажоновни олиб кетяпмиз, у ҳам жуда кучли боксчи ва жорий йил ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлди. Ўйлайманки, яхши натижалар қайд этамиз” дейди Қиличев. 

Шунингдек, мураббий Куба бокс терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулот ва юкланмалар ҳақида маълумот берди:

“Олимпия ўйинларидан кейинги энг катта ва муҳим мусобақа арафасида турибмиз, режа асосида муносиб тайёргарлик кўряпмиз. Аввалги турнирлардан фарқли ўлароқ, сўнгги махсус тайёргарликни Куба терма жамоаси билан ўтказилмоқда. Руҳий томондан биз учун фойдали машғулот бўлмоқда. Чунки, Куба ҳам Ўзбекистон синггари жаҳондаги энг кучли терма жамоалардан бири. Токио Олимпиадасида мавжуд бўлган 8 та вазннинг 4 тасида кубалик боксчилар Олтин медални қўлга киритди. Улардан 3 нафари биз билан биргаликда машғулот ўтказмоқда. Бу кубаликлар учун икки карра фойдалироқ, сабаби улар бизнинг ўлкада машғулот ўтказяпти. Ҳар бир вазн тоифасида икки-уч нафар ўзбек боксчилари билан спарринг олиб боришмоқда”. 

Тўлқин Қиличевнинг фикрича, Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг яна терма жамоада пайдо бўлиши ва таркибда ёш боксчилар сонининг кўплиги ҳеч бир боксчи эътибордан четда қолмаслигини кўрсатади.

“Таркиб раҳбарият ва мураббийлар иштирокида тузиб чиқилди. Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг Жаҳон чемпионати учун танланиши ва таркибдаги боксчиларнинг 70 фоизи ёшлардан иборат экани Ўзбекистонда ҳеч бир боксчи эътибордан четда қолмаслигини кўрсатади. 

Дунёда бокс ривожланяпти, биз энг юқорида турганимизда ўзимизнинг хатоларимизни била олмаймиз. Даставвал, истаймизми йўқми, ёшлар тажриба тўплагунича натижалар пастроқ бўлади. Демак, қаердадир хато қилганмиз ва шунинг устида ишлашимиз керак.   

Ҳакамлик масаласини муҳокама қилавериш бизни асосий вазифамиздан чалғитиб қўйиши мумкин. Боксда инсон омили сабабли ана шундай тушунарсиз қарорлар бўлиб туради. Бошқа давлат боксчилари назарида ҳакамлар бизга ён босган бўлиши мумкин. Бундан тушкунликка тушиш керак эмас, рингда барчага кучлилигимизни исботласак, кифоя”, дейди Қиличев. 

Маълумот учун, бокс бўйича Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 октябридан 6 ноябрига қадар Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилади. Мусобақа олдидан Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод” спорт базасида Ўзбекистон ва Куба терма жамоаси биргаликда йиғин ўтказмоқда.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 651
Рейтинг: 3
t
×