Андижондаги суицид, Ferrari ҳақидаги хомхаёл, Ортиқхўжаев ҳокимиятига келган Mercedes машмашаси – бугун нималар билан эсда қолди?
Таҳлил
−
03 Декабрь 2021
17426Жамият
Андижонда фуқаро ўзини осиб қўйди
Ижтимоий тармоқларда Андижон тумани, “Ўрикзор” МФЙда яшовчи Қ.М. яшаш хонадонида арқон билан ўзини-ўзи осган ҳолда ўз жонига қасд қилиб, воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Андижон вилояти прокуратураси мазкур ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Андижон туман прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мирзиёев ҳокимларга: “Ҳаммаси ўзингни одаминг. Қани жазо муқаррарлиги?”
Ўзбекистонда уй-жой қурилиши фақатгина ҳокимларга яқин бўлган компанияларга топширилмоқда. Бу ҳақда кеча, 2 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселекторда айтиб ўтди.
“Вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3та ташкилот билан чекланмоқда. Чунки ҳаммаси ўзингнинг одаминг. Қани қонун устуворлигига жазо муқаррарлиги?
Шу боис келгуси йилдан давлат ҳисобидан бўлаётган қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилади. Республика ва вилоят штаблари тузилади. Улар қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қаттиқ назорат ўрнатади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
ОТМ профессор-ўқитувчиларига қўйиладиган талаблар ўзгартирилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан “Давлат олий таълим муассасаларида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш учун уларнинг моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари ва ўқув-методик таъминотига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 2021 йил 22 июндаги ПҚ-5157-сон "2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Видеоси тарқалган депутат аёлнинг ваколати тугатилди
Бугун, 3 декабрь куни Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Сессия депутатларнинг ташаббуси билан чақирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Унда битта масала, туман Кенгашининг 30-“Уйшун” сайлов округидан сайланган депутат Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, сессия ишида халқ депутатлари туман Кенгаши “Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия” раиси Дилором Зулёрованинг ахбороти эшитилди.
ДСИ бошлиғи ўринбосарининг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходимларига жазо тайинланди
Бугун, 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди биносида туман солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Аҳмедовнинг ўлимида айбланганлар иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Унда судланувчилар М. Қўчқоров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш. Раҳимбердиев (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
ИИО ходимларига BMW, Mercedes Benz ва Ferrari олиб бериш керак – Шерзодхон Қудратхўжа
Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимларига энг сўнгги русумдаги BMW, Mercedes Benz ва Ferrari автомобилларини олиб бериш таклиф қилинди. Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Шерзодхон Қудратхўжа шундай фикр билдирди.
“Мен кўп чет элда юраман, яқинда Туркияда бўлдим, эски биносининг олдида хавфсизлик хизмати ходимлари чиройли отларда юрибди. Тошкентда ҳам кўриб қоламан — кўчаларимизда, булварларимизда йигитлар, қизлар отда юрса, одамларда юртига, тарихига ҳурмат пайдо бўлади. Биз Амир Темур авлодларимиз, Бобур Мирзо авлодларимиз. Қонимизда қандай саркардалар қони бор”, деган Шерзодхон Қудратхўжа.
Олам
Берлинда Меркель билан хайрлашиш маросими ўтказилди
Берлинда, Германия Федератив Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳовлисида Ангела Меркелни ҳукумат раҳбари лавозимидан кузатишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, юқори мартабали сиёсатчи видолашув маросими учун бир нечта мусиқани танлаши мумкин. Меркель немис панк-рок қўшиқчиси Нина Хагеннинг “Сен рангли тасмани унутдинг” (Du hast den Farbfilm vergessen) қўшиғини танлади. Меркелнинг сўзларига кўра, бу қўшиқчининг ижоди “ёшлигидаги энг ёрқин воқеалардан бири” эди.
Тезкор: Илк бор Ўзбекистон фуқаросида “omicron” вируси аниқланди
Жанубий Африка давлатларида пайдо бўлиб, дунё бўйлаб “саёҳатини бошлаган” коронавируснинг янги “omicron” штамми Жанубий Кореяда ҳам аниқланди. Бу ҳақда “The Korea times” Кореянинг касалликларни назорат ва профилактика қилиш агентлигига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 24 ноябрь куни Нигериядан Жанубий Кореяга қайтган жуфтликда “omicron” аниқланган. Орадан бир неча кун ўтиб, уларни аэропортдан уйига олиб бориб қўйган Ўзбекистон фуқароси бўлган танишида ҳам вирус тасдиқланган.
Россия қатор давлатлардан келганлар учун 14 кунлик карантин жорий қилди
Кеча, 2 декабрь кунидан бошлаб Россияда Жанубий Африка Республикаси ва унга қўшни давлатлардан келаётган фуқаролар учун икки ҳафталик карантин жорий этилди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) раҳбари Анна Попова маълум қилди.
“Федерал туризм агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бундай одамлар жуда кам”, деган у.
Жапаров истеъфога чиқади. Агар...
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда жорий йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари сохталаштириш йўли билан ўтказилган бўлса, истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Жапаровга кўра, Қирғизистондаги парламент сайловларига ҳам маҳаллий, ҳам халқаро кузатувчилар юқори баҳо берган.
“Агар қонунбузарликлар бўлса, Қирғизистонда овозлар ўғирланган деб бутун дунёга жар солишарди. Бизда 31 минг участка сайлов комиссияси аъзоси бор. Тасаввур қилинг улар тунда бюллетен билан югуришяпти. Агар МСК, барча участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳокимият томонидан босим бўлгани ва улар овозларни сохталаштиришга тўғри келганини эълон қилса, мен дарҳол истеъфога чиқаман. Асосий протоколга иловаларни қайта ёзиш тартиби ҳар бир сайловда амал қилади, чунки уларда хатолар бўлиши мумкин. Энг муҳими, овоз беришда бюллетенларнинг тўғри тўлдирилганлиги”, дейди Садир Жапаров.
Спорт
Роналду фаолиятидаги 800-голни урди
"Манчестер Юнайтед" клуби ҳужумчиси Роналду Англия чемпионатининг 14-туридан ўрин олган “Арсенал”га қарши ўйинда фаолиятидаги 800-голини урди ва ушбу натижага эришган тарихдаги биринчи футболчига айланди.
Учрашувнинг иккинчи бўлими бошида “Қизил иблислар” Криштиану Роналдунинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Португалиялик футболчи Рэшфорднинг узатмасини дарвозага аниқ йўллади ва фаолиятидаги 800-голини киритди.
Керрик МЮдан кетиш сабабларини маълум қилди
“Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Майкл Керрик клубни бошқарадиган Ральф Рангник билан суҳбат тафсилотлари ва жамоа мураббийлигидан кетиши сабабларини айтди.
У бўлажак мураббий билан телефон орқали суҳбатлашган ва у келишидан аввал жамоадан кетишга қарор қилган.
“Тўғрисини айтсам, суҳбатимиз қисқа бўлди. Ральф билан музокаралар олдидан ҳам кетишга қарор қилишимни билардим. Мен ҳалол бўлишни хоҳлайман, шунинг учун бу шахсий адоват эмас. Рангникда яхши жамоа ва ўйинчилар бор”, – дейди Керрик.
МЮнинг янги бош мураббийи Роналдуни майдонга туширадими?
“Манчестер Юнайтед”га янги бош мураббий этиб тайинланган Ральф Рангник “қизил иблислар” ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг имкониятларини юқори баҳолади.
“Мураббий ҳар доим жамоадаги футболчиларга мослашиши керак. Роналду? 36 ёшда бундай формадаги футболчиларни кўрмаганман. Лекин гап фақат Криштиануда эмас, барча футболчилар ва бутун жамоа муҳим. Очиғи, “Манчестер Юнайтед”да иқтидорли ва тажрибали футболчилар бор. Яқин орада жамоага мувозанат олиб киришга ҳаракат қиламан. МЮ ўртача ҳисобда ҳар бир ўйинда иккита гол ўтказиб юборади – бу жуда кўп. Биз мувозанатни топишимиз керак”, дейди Рангник BBC’га берган интервьюсида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь