ДСИ бошлиғи ўринбосарининг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходимларига жазо тайинланди
3-саҳифа
−
03 Декабрь 2021
21559Бугун, 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди биносида туман солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Аҳмедовнинг ўлимида айбланганлар иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Унда судланувчилар М. Қўчқоров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш. Раҳимбердиев (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди раиси И. Ғуломов раислигида кўриб чиқилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра М. Қўчқоров ва Ш. Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Қайд этилишича, ушбу жиноят иши бўйича жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилган.
“Мазкур ҳукм устидан тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти бериши ёки прокурор протест бериш ҳуқуқига эга эканликлари маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июнь куни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўровонлиги туфайли вафот этганди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдириб, унда фуқаро Азиз Аҳмедов бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси светафорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганлиги, шундан сўнг йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринганлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси