Россия қатор давлатлардан келганлар учун 14 кунлик карантин жорий қилди
Олам
−
03 Декабрь 2021
7804Кеча, 2 декабрь кунидан бошлаб Россияда Жанубий Африка Республикаси ва унга қўшни давлатлардан келаётган фуқаролар учун икки ҳафталик карантин жорий этилди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) раҳбари Анна Попова маълум қилди.
“Федерал туризм агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бундай одамлар жуда кам”, деган у.
Жанубий Африка Республикаси Ботсвана, Лесото, Мозамбик, Намибия, Свазиленд ва Зимбабве каби давлатлар билан чегарадош.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 24 ноябрь куни ЖАРда коронавируснинг янги B.1.1.529 штамми билан илк касалланиш ҳолати қайд этилди.
ЖССТ фавқулодда йиғилишдан сўнг Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг янги вариантини ташвишга соладиган деб таснифлашга қарор қилган эди. Янги штамм — B.1.1.529 ЖССТ томонидан юнонча “omicron” ҳарфи билан номланди. Янги штамм нафақат Африканинг жанубида, балки Бельгия, Италия, Германия, Швейцария, Канада, Нидерландия, Австралия, Буюк Британия, Саудия Арабистони, АҚШ, БАА Греция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа мамлакатларда ҳам аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 3 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар Ўзбекистон янги штамм туфайли Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатганди.
LiveБарчаси