Қолдирилаётган рейслар, касалланган вазир. Дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
Олам
−
04 Январь 2022
4473Жорий йилнинг 2 январь куни ноқулай об-ҳаво ва коронавируснинг “omicron” штамми тарқалиши туфайли дунё бўйлаб 3,6 мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди. Бу ҳақда парвозларни кузатиш билан шуғулланадиган “FlightAware” веб-сайтига асосланиб хабар берилган.
Шу билан бирга, 2 январь куни бекор қилинганлар рейслар орасида АҚШга 2,1 мингдан ортиғи тўғри келган. 6,4 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган.
Агентликка кўра, Рождество ва Янги йил байрамлари одатда парвозлар энг кўп амалга ошириладиган вақт ҳисобланади, аммо “omicron” штаммининг тарқалиши авиакомпанияларни учувчилар ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш учун баъзи рейсларни бекор қилишга мажбур қилган.
АҚШ Мудофаа вазири учта дозадан сўнг коронавирус юқтирди
Пентагон раҳбари Ллойд Остин янги турдаги коронавирус билан касалланди. АҚШ Мудофаа вазирининг ўзи коронавирус тестининг ижобий натижасини маълум қилган. Остиннинг таъкидлашича, у коронавирус аломатлари пайдо бўлганидан кейин тест ўтказишни сўраган. Таъкидланишича, унда касалликнинг “енгил аломатлари” мавжуд. Остиннинг аниқлик киритишича, у Мудофаа вазирининг барча ваколатларини ўзида сақлаб қолади ва карантин давридаги муҳим учрашувлар ва тадбирларда виртуал форматда иштирок этади.
Пентагон раҳбари коронавирус тестини у билан боғланган ҳар бир киши ўтказишини айтган. 68 ёш Остин тўлиқ эмланган бўлиб, у октябрь ойида бустерни ҳам олган.
Нидерландияда чекловларга қарши намойиш ўтказилди
Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида одамлар кўчага чиқиб, коронавирус чекловларига қарши намойиш ўтказди. Мамлакатда ўтган йилнинг 19 декабридан бери локдаун амал қилмоқда, оммавий тўпланиш ҳам тақиқланган.
Норозиларга кўра, коронавирусга қарши бошқа усуллар билан курашиш лозим. Полиция талабига қарамай, ниқоб тақмаган ва бир-бирига яқин турган намойишчилар тарқалишдан бош тортган. Нидерландияда чекловлар 14 январгача амал қилиши айтилган, бироқ у узайтирилиши ҳам мумкин.