“Кентавр”: “омикрон”нинг дунёга тарқалаётган янги мутацияси қанчалик хавфли?
Саломатлик
−
14 Июль 2022
15246Европа вирусологлари Ҳиндистонда тез тарқалиб, бошқа мамлакатларга, жумладан Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Германия ва Канадага етиб келган COVID-19 “омикрон” штаммининг янги “Кентавр” (BA.2.75) варианти пайдо бўлганидан хавотирда.
BA.2.75 варианти Европа Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) томонидан диққат билан кузатилмоқда. Ташкилот 7 июлда уни “кузатув остида” деб қайд этган. “Кентавр”нинг қандай хусусиятлари бор ва у аввалгиларига нисбатан қанчалик хавфли?
“Кентавр” кичик штаммининг пайдо бўлиши
“Кентавр” – бу COVID пандемиясининг қоронғу оти” – “Forbes” журналида вирусолог Уильям Хазелтайннинг шу номадаги мақоласи эълон қилинди. Олим BA.2.75 пайдо бўлиш занжири ва сўнгги пайтларда кенг тарқалган бошқа вариантларни кузатиш билан шуғулланган.
Унинг эслатишича, “омикрон”нинг аждодларидан сезиларли фарқ қилувчи BA.1 варианти 2021 йил охирида пайдо бўлганди. Унинг изидан BA.2 авлоди келди, бу 2022 йилнинг қишида Қўшма Штатлардаги касалланишларнинг асосий қисмини ташкил этди. Хазелтайнга кўра, BA.1, “гамма” ва “дельта” каби бошқа штаммлар ўртасида деярли боғлиқлик йўқ. Ва ҳозир кўп мамлакатларда унинг бевосита “меросхўрлари” ҳукмронлик қилмоқда, улар олимларга BA.4/BA.5 сифатида маълум, шунингдек, ўсиб бораётган BA.2.75 ҳам ҳисобда бор.
Мутахассиснинг таъкидлашича, “кентавр” бошоқ оқсилининг генетик кодида сезиларли мутацияларга эга. Олимнинг сўзларига кўра, ноёб мутациялар вируснинг ташувчилар ўртасида самаралироқ тарқалишига ёрдам беради.
Маълумотларга кўра, ҳозир Ҳиндистонда “кентавр”нинг яқин қариндошлари – BA.2.74 ва BA.2.76 билан касалланиш ҳам кузатиляпти.
“Кентавр”нинг дунёда тарқалиши
“Guardian” нашрининг ёзишича, “кентавр” 10 га яқин давлатда, жумладан, Буюк Британия, Австралия, Германия ва Канадада топилган. Бугун, 14 июль куни эса Нидерландияда ҳам “кентавр” аниқланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари ҳам янги вариантни кузатмоқдалар, гарчи ҳозирги вақтда ушбу кичик турни қанчалик жиддий деб ҳисоблаш мумкинлигини тушуниш мумкин эмас.
“Омикрон”даги жиддий муаммони биринчилардан бўлиб кўрган Лондон Империал коллежи вирусологи Том Пикок “кентавр”нинг пайдо бўлиши ҳақида гапирган.
“Гап маълум мутацияларда эмас, балки уларнинг сони ва комбинациясида”, деб тушунтирган мутахассис.
Унинг фикричи, “кентавр” BA.5. ни алмаштириш имкониятига эга. Аммо у оддий кичик тур бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Экспертларга кўра, Ҳиндистонда инфекцияларнинг ўсиши BA.2.75 муаммоли штамм эканлигини кўрсатмоқда. Пикокнинг таъкидлашича, “омикрон”нинг кичик турлари ўзгарувчанлик ва “антикорлардан қочиш” қобилиятини оширган, шунинг учун вирус эволюциясини кузатиб бориш осон эмас.
“Кентавр” қанчалик хавфли
Шарқий Англия университети профессори Пол Хантернинг тушунтиришича, “кентавр”нинг хатти-ҳаракатларини олдиндан айтиш қийин. Аммо ҳозирда унинг BA.5 дан хавфлироқ бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Микробиолог Дэвид Ливерморнинг фикрича, Кентавр сон-саноқсиз “омикрон” суб-штаммларидан биридир.
Олимлар BA.2.75имкониятлари ҳақида эрта хулоса чиқаришдан эҳтиёт бўляпти. Миссури университети профессори Марк Жонсон вазият бўйича шундай дейди: “Биз хавотирдамиз, лекин бу ақлдан озиш учун сабаб эмас”.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё давлатлари ҳукуматларидан ниқоб тақишни қайтадан йўлга қўйишга чақирди.