Коронавирус лабораторияда ишлаб чиқилган – АҚШ Конгресси
Олам
−
03 Декабрь 2024
6348АҚШ Конгресси коронавируснинг лаборатория орқали келиб чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШнинг қонун чиқарувчи палатаси томонидан ҳисобот эълон қилинди.
Ҳисоботга кўра, АҚШ Конгресси аъзолари томонидан икки йиллик текширувлари натижасида коронавирус катта эҳтимол билан лабораторияда ишлаб чиқилгани ва сизиб чиқиш оқибатида тарқалгани ҳақида хулоса қилинган.
“COVID-19 вируси, эҳтимол, Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораторияда келиб чиққан”, дейилади ҳисоботда.
Қонун чиқарувчилар ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун бешта асосий далил келтирган. Улар вируснинг табиатда учрамаган биологик хусусиятларга эга эканини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Конгресс аъзолари Уханда SARS вирусларини ўрганиш бўйича етакчи тадқиқот лабораторияси мавжудлигини таъкидлаган. Қонун чиқарувчиларнинг фикрича, мазкур лаборатория “биологик хавфсизлик даражаси етарли бўлмаган” шароитларда тадқиқотлар ўтказиш тарихига эга.
Ухань вирусология институти тадқиқотчилари COVID-19’ни ёввойи ҳайвонлар бозорида аниқлашдан бир неча ой олдин, 2019 йил кузида аҳоли вакиллари COVID’га ўхшаш вирус билан касаллангани маълум бўлган.
“Илм-фаннинг барча мезонларига кўра, агар вируснинг табиий келиб чиқишига оид далиллар мавжуд бўлганда, улар аллақачон топилган бўлар эди”, дейилган ҳисоботда.
Маълумот учун, 2019 йил 31 декабрь куни Хитой ҳукумати ЖССТни мамлакатнинг марказий қисмидаги Ухань шаҳрида (Хубэй провинцияси) номаълум пневмония эпидемияси ҳақида маълум қилган. Бундан ташқари, биринчи ҳолатлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари бозори билан боғлиқ бўлган.
2020 йил январь ойи бошида Хитойда келиб чиқиши номаълум бўлган вирусли пневмония эпидемиясининг сабаби коронавируснинг янги тури эканлиги расман эълон қилинган. 2020 йил 11 март куни ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус янги коронавируснинг тарқалиши пандемия эканини айтган.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси