Мирзиёев ҳокимларга: “Ҳаммаси ўзингни одаминг. Қани жазо муқаррарлиги?”

Жамият

image

Ўзбекистонда уй-жой қурилиши фақатгина ҳокимларга яқин бўлган компанияларга топширилмоқда. Бу ҳақда кеча, 2 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселекторда айтиб ўтди.

“Вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3та ташкилот билан чекланмоқда. Чунки ҳаммаси ўзингнинг одаминг. Қани қонун устуворлигига жазо муқаррарлиги? 

Шу боис келгуси йилдан давлат ҳисобидан бўлаётган қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилади. Республика ва вилоят штаблари тузилади. Улар қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қаттиқ назорат ўрнатади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари уй-жой қурилишида таниш-билишчиликнинг салбий оқибатларини Жиззах мисолида эслатиб ўтган.

Маълумки, “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги томонидан Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида кўп қаватли бино қурилиш ишлари амалга оширилган. Жорий йилнинг 10 январь куни ушбу бино қурилиши охирига етмай туриб қулаган. Ҳодиса Президент Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи олдидан содир бўлганди. 

Эслатиб ўтамиз, Жиззахдаги ҳодиса ортидан вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқулов лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.

Мамлакат Бош прокурорига кўра, Акром Раҳмонқулов 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган жиноий гуруҳ тузиб, қарийб 20 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган

Хусусан, 2018—2020 йилларда Раҳмонқулов жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бу ҳозиргача терговда аниқлангани.

“Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги “Эски шаҳар” буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди. Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган эди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Маълумот учун, Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси Акром Раҳмонқуловга, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг