Президент Жиззахда қулаган уй воқеасини ёдга олди
Жамият
−
02 Декабрь 2021
10723Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда Президент ўтган йили Жиззахда қурилиши якунланмаган уйнинг қулагани билан боғлиқ воқеани эсга олиб, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва таниш-билишчиликка барҳам бериш кераклигини таъкидлади.
Маълумки, “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги томонидан Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида кўп қаватли бино қурилиш ишлари амалга оширилган. Жорий йилнинг 10 январь куни ушбу бино қурилиши охирига етмай туриб қулаган. Ҳодиса Президент Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи олдидан содир бўлганди.
Президент айни вақтда ўтаётган йиғилишда вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланмаслик кераклигини айтиб, огоҳлантирди.
"Бунинг салбий оқибатларини Жиззах мисолида ҳамма кўрди", деб таъкидлайди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Жиззахдаги ҳодиса ортидан вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқулов лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.
Мамлакат Бош прокурорига кўра, Акром Раҳмонқулов 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган жиноий гуруҳ тузиб, қарийб 20 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Хусусан, 2018—2020 йилларда Раҳмонқулов жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бу ҳозиргача терговда аниқлангани.
“Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги “Эски шаҳар” буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди. Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган эди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.
Маълумот учун, Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси Акром Раҳмонқуловга, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.