Жапаров истеъфога чиқади. Агар...
Олам
−
03 Декабрь 2021
24726Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда жорий йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари сохталаштириш йўли билан ўтказилган бўлса, истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Жапаровга кўра, Қирғизистондаги парламент сайловларига ҳам маҳаллий, ҳам халқаро кузатувчилар юқори баҳо берган.
“Агар қонунбузарликлар бўлса, Қирғизистонда овозлар ўғирланган деб бутун дунёга жар солишарди. Бизда 31 минг участка сайлов комиссияси аъзоси бор. Тасаввур қилинг улар тунда бюллетен билан югуришяпти. Агар МСК, барча участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳокимият томонидан босим бўлгани ва улар овозларни сохталаштиришга тўғри келганини эълон қилса, мен дарҳол истеъфога чиқаман. Асосий протоколга иловаларни қайта ёзиш тартиби ҳар бир сайловда амал қилади, чунки уларда хатолар бўлиши мумкин. Энг муҳими, овоз беришда бюллетенларнинг тўғри тўлдирилганлиги”, дейди Садир Жапаров.
Давлат раҳбари ютқазган партиялар жамиятни оёққа турғазиш учун баҳона қидираётганини қўшимча қилган.
“Ҳаттоки техник муаммолар, сервер қандай ишлаши ҳақида ҳеч нарсани тушунмайдиганлар ҳам бақирмоқда. Мағлубиятга учраганлар ҳамма нарсани тўғри ҳисоблаганини жуда яхши билишади, лекин уларга сабаб керак. Ҳозир технология даври. Овозларни ўғирлаш мумкин эмас. Бундай ҳолатлар 1990-2000 йилларда бўлган. Кейин бюллетенларни қўлда санаб, бир номзод учун овозни бошқасига ўтказиш имконияти пайдо бўлган ва бу тасодифан бўлганини айтган. Ҳозир эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси текширади. Жиноятчилар эса жавобгарликка тортилади”, дея хулоса қилган Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда жорий йилнинг 28 ноябрида ўтказилган парламент сайловида қонун бузилиши фактлари бўйича 20 дан ортиқ жиноий иш очилган. Сайловда қатнашган бешта партия натижаларни тан олмаслигини, натижалар сохталаштирилган деган фикрдалигини маълум қилган.