Демократлар АҚШ Конгрессининг иккала палатасини ҳам назоратга олди

World

−

image

Демократик партия АҚШдаги оралиқ сайловларда ғалаба қозонди. Бу ҳақда энг йирик Америка ОАВлари томонидан эълон қилинган овоз бериш натижаларида келтирилган. 

Сенатда демократлар камида 54 та ўринга эга бўлмоқда, шу жумладан, Техас ва Канзасда – ўнлаб йиллар давомида республикачилар ғалаба қозониб келган штатлардаги пойгаларда зафар кучди. Вакиллар палатасида ҳам демократлар кўпчиликни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Овозларни ҳисоблаш давом этмоқда.

АҚШдаги оралиқ сайловлардан сўнг Сенатдаги 100 та ўриндан камида 54 таси демократлар назоратида бўлади. Баъзи штатларда, масалан, Аляскада, овозларни ҳисоблаш энди бошланди, шу сабабли партиянинг якуний устунлиги кейинроқ маълум бўлади. Конгресс юқори палатасининг аввалги чақириғида Республикачилар партияси 53 та мандатни назорат қилаётган эди.

Ўтган сайловлар давомида демократлар нафақат кўпчилик иккиланувчи штатларда, балки 2026 йил 3 ноябрга қадар республикачиларни қўллаб-қувватлашнинг истеҳкоми деб ҳисобланган бир қатор штатларда ҳам ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Жумладан, Техасда демократ Жеймс Таларико АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган республикачи Кен Пакстон устидан ғалаба қозонган. Гап Демпартия вакилининг 1988 йилдан бери Техасдан Сенатдаги ўрин учун пойгадаги биринчи ғалабаси ҳақида бормоқда. Таларико учун сайловчиларнинг 53 фоиздан ортиғи овоз берган, Пакстонни эса 44 фоизга яқини қўллаб-қувватлаган. 2024 йилги президентлик сайловларида Трамп ушбу штатда демократлар номзоди Камала Харрисни 14 фоизга ортда қолдирган.

Канзасда демократ Адам Ҳэмилтон амалдаги сенатор-республикачи Рожер Маршалл устидан ғалаба қозониб, рақибининг 46 фоиз овозларига қарши 50 фоиздан ортиқ овоз олган. Демократлар Канзасдан Сенатдаги ўринни эгаллашга 1932 йилдан бери, яъни 94 йил давомида муваффақ бўлмаётган эди, бу вақт ичида юқори палатада штат номидан ягона равишда республикачилар вакиллик қилиб келган. 2024 йилда Трамп бу штатда Харрисни 16 фоиз устунлик билан мағлуб этган.

“The Hill” нашрининг қайд этишича, бир йил аввал демократларнинг Сенатга сайловлардаги бундай ишончли ғалабаси имконсиздек туюлган. Бироқ Трампнинг паст рейтинги ҳатто икки йил аввал – 2024 йилда – Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Камала Харрисни ишончли тарзда ортда қолдирган штатларда ҳам партиянинг позицияларига жиддий путур етказган. Нашрнинг ёзишича, деярли сайловолди кампанияси давомида таҳлилчилар демократларнинг Сенатни назоратга олиш имкониятларини 50 фоиздан паст деб баҳолаган.

Вакиллар палатасида ҳам демократлар ишончли ғалабани қўлга киритишга муваффақ бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, Демократик партия Конгресснинг қуйи палатасида 225 дан ортиқ мандатга эга бўлмоқда. Бироқ уларнинг якуний устунлиги кейинроқ ойдинлашади: овозларни ҳисоблаш 435 та сайлов округидан тахминан 80 тасида давом этмоқда. Бунга қадар республикачилар Вакиллар палатасини кичик устунлик билан назорат қилиб келаётган эди.

“Мен ушбу натижаларни тан олишга тайёрман. Биз демократлар билан ҳамкорлик қиламиз ва, биласизми, улар билан ишлаш имкониятини интиқлик билан кутамиз. Биз бирор нарса ўйлаб топамиз”, дейди Трамп “The New York Times” газетасига берган интервьюсида.

Шунингдек, у ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғида партиядошларининг мағлубиятини ўтган сайловларда ўз номзоди йўқлиги билан изоҳлаган.

“Мен сайлов бюллетенида йўқ эдим. Агар унда бўлганимда, биз КАТТА ФАРҚ БИЛАН ғалаба қозонган бўлардик!”, деб ёзди у.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, “вето” ёзуви бўлган қизил кепка суратини эълон қилган. Аввалроқ, у демократлар ғалаба қозонган тақдирда “мистер вето” бўлишга ва рақибларнинг барча қонун лойиҳаларини блоклашга ваъда берган. Кўп ўтмай “Politico” нашрига берган интервьюсида АШҚ Президенти фикридан қайтганини маълум қилди.

“Мамлакатимиз фаровонлигини таъминлаш учун биз демократлар билан ишлаймиз. Бу жуда муҳим. Мен шунчаки икки йил ўтириб, ҳамма нарсага вето қўйишни хоҳламайман”, дейди у.

Трамп Демократик партия етакчилари аллақачон унга қўнғироқ қилиб, у билан ишлашни хоҳлашларини билдирганини қайд этган.  


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends