Қирғизистонда парламент сайлови: 20 дан ортиқ жиноий иш очилди

Олам

image

Қирғизистон парламентига сайловда қонун бузилиши фактлари бўйича 20 дан ортиқ жиноий иш очилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раҳбари ўринбосари Тинчтик Шайназаров маълум қилди.

“Етти жиноят иши судга юборилди, шахсларнинг айби аниқланди, уларга нисбатан айблов эълон қилинди. Яна 15 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейди Шайназаров.

Унга кўра, МСК 20 нафар номзодга ёзма равишда огоҳлантириш берган. Агар улар иккинчи марта ёзма равишда огоҳлантирилса, номзодни рўйхатга олишни бекор қилиш масаласи туғилиши мумкин.

“35 нафар фуқаро, жумладан, депутатликка номзодлар ҳам жаримага тортилди, жарималарнинг умумий миқдори 292 минг сомни (3,4 минг доллар) ташкил этди”, дея қўшимча қилди Шайназаров.

Қирғизистон МСК аъзоси Ғайрат Маматовнинг маълум қилишича, 28 ноябрь ҳолатига кўра МСКга сайлов жараёнининг бузилишига оид 196 та ариза ва шикоятлар келиб тушган.

Унга кўра, қайд этилган қоидабузарликлар орасида: биттаси овозларни пора бериб сотиб олиш, еттитаси маъмурий ресурслардан фойдаланганлик ва 30 нафари сайловолди ташвиқоти қоидаларини бузганлик учун қайд этилган.

Маълумот учун, бугун, 28 ноябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз беришнинг дастлабки икки соатида сайловчиларнинг 2,91 фоизи қатнашган.

Қирғизистон парламенти 90 депутатдан иборат бўлиб, беш йил муддатга сайланади. Депутатлар сайловини аралаш сайлов тизими бўйича ўтказиш назарда тутилмоқда: ягона сайлов округида 54 нафар депутат пропорционал тизим бўйича (сиёсий партиялардан номзодлар рўйхати) сайланади, бир мандатли сайлов округлари бўйича 36 нафар депутат сайланади.

Сайловда иштирок этиш учун жами 1311 нафар – 21 сиёсий партиядан 1015 нафар, бир мандатли сайлов округлари бўйича 296 нафар номзод рўйхатга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг