Видеоси тарқалган депутат аёлнинг ваколати тугатилди

Жамият

image

Бугун, 3 декабрь куни Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Сессия депутатларнинг ташаббуси билан чақирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Унда битта масала, туман Кенгашининг 30-“Уйшун” сайлов округидан сайланган депутат Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, сессия ишида халқ депутатлари туман Кенгаши “Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия” раиси Дилором Зулёрованинг ахбороти эшитилди.

Комиссия раисининг ахбороти ва депутатларнинг қўшимча таклиф, фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан, Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарорни сессияда қатнашган 24 нафар депутатдан 23 нафари ёқлаб овоз беришган.

Шу тариқа сессия ишида Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалди. Жамоатчилик шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузувчи видеолар тарқатилишини депутат аёлнинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.

Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат “Хавфсиз тун” тадбири доирасида аниқланган ишратхонада тасвирга олинганини маълум қилди. Шунингдек, рейд вақтида олинган тасвирларни тарқатганларни аниқлаш ишлар бошланганини билдирди.

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши одоб комиссиясининг Феруза Бабашева иши кўрилиши керак бўлган мажлиси қолдирилди. Кейинроқ, 22 ноябрь куни халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши Бабашевани дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Феруза Бабашева

Баҳолаганлар

3034

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг