Видеоси тарқалган депутат аёл нимадан норози?
Интервью
−
18 Ноябрь 2021
81967Жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Жўрабековна Бабашева ва шахси номаълум бўлган бир эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалганди.
Видео тарқалиши жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари депутатнинг шахсий ҳаётига дахлдор видеонинг тарқатилиши, унинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.
QALAMPIR.UZ бугун, 18 ноябрь куни Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгашининг одоб-аҳлоқ комиссия депутат билан боғлиқ ҳолатни муҳокама қилиши ҳақидаги хабарга асосланиб, Ўртачирчиқ туманига етиб борди.
Ижодий жамоа 15:50 да ҳокимиятга етиб келганида, “Мажлис ўтказилиши ҳали аниқ эмас”, деган жавоб берилди. Орадан бироз ўтиб, соат 16:15 да депутат 15 дақиқа кечиккани сабабли мажлис тарқатиб юборилгани ҳақида айтишди. Депутат Феруза Бабашева келиши билан ундан нега кеч қолганини сўраганимизда, у 20 дақиқадан бери шу ерда эканини маълум қилди.
“Мен 20 дақиқадан бери бино ҳовлисида турган эдим. Мени ҳеч ким чақиргани, ҳаттоки телефон ҳам қилгани йўқ. Биз ҳокимларни "Мажлис бошлансин", деб соатлаб кутиб ўтирамиз. Нима учун мени "15 дақиқа кечикди", деб мажлис тўхтатилиши керак. 9 ноябръ куни прокурор тақдимнома киритди. Лекин ҳали ҳам асосини ололмадик. Прокурор тақдимномаси 9 ноябрда ёзилган. Лекин бизнинг кенгашга 10 ноябръ куни кириб келган. Шу куннинг ўзидаёқ яъни бир кунда қарор чиқяпти ва қарорда менинг масаламни қўйиб юборишяпти. 10 ноябрда ҳам прокурорнинг тақдимномаси келяпти, ҳам ҳокимнинг қарори чиқяпти. Ўзи аслида, қонунан бу иш доимий комиссияга ўтказилиши керак эди. Доимий комиссия мени чақириб, ўзлари ҳужжат билан таништириб, қўлимга бериб, кўрсатилган важларга тайёрланиб келишим учун камида бир ҳафта муддат бериши керак эди”, дейди Феруза Бабашева.
Унинг таъкидлашича, ҳозир у Ўртачирчиқ туман прокурорига ариза билан мурожаат қилган. Аризада чиқарилган тақдимноманинг асоси сўралган. Прокуратура депутатнинг уйига ёзма жавоб йўллашини маълум қилган.
“Улар 11 ноябрь куни, соат 10:00 да мени ҳеч қандай тақдимнома билан таништирмай, ҳеч қандай асоссиз сессия ўтказиб юбормоқчи эди. Мен у ерда ”Сессиянинг асоси, хабарномаси, кун тартиби, қарорлар берилмади”, деб тўполон қилганимдан кейин, улар бу нарсани 16 ноябрга суришди. Кейин “Доимий комиссиянинг йиғилиши ўтказилмасдан туриб, қанақасига ҳокимнинг қарори чиқади?”, деган савол берганимдан кейин, дарров доимий комиссияни ўтказмоқчи бўлишди. “Доимий комиссиядан бир ҳафта олдин мен материаллар билан танишган, ўзимнинг асосларимни олиб келган бўлишим керак”, деганимдан кейин, бу иш бир ҳафта кейинга қолдирилди. Ўша куни “Тахминан соат 16:00 ларда ўтказaмиз-да”, деган жавоб бўлган. Мени бир ҳафтадан бери ҳеч ким “соат 16:00 да бўлади”, деб огоҳлантиргани йўқ. Ҳаттоки котибият мудири бирон марта телефон қилиб чақиргани ҳам йўқ. Мен, демак, вақт ўзгартирилмади шекилли, деб шу вақтга келавердим. Лекин “Ўтказиб юборилди”, дейилди. Мен ҳокимиятда биронта мажлис ўз вақтида бошланганини ҳеч эслай олмайман”, дея эътироз билдирди депутат аёл.
Шу ўринда савол пайдо бўлади. Мажлис қачон йиғилдию қачон тарқатиб юборилди? Ушбу тушунарсиз ҳолатга Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши мудири Бахтиёр Баҳовуддиновдан изоҳ сўрадик.
“Жўрабековна “Мен бу масалага тайёр бўлмаганлигим учун менга бир ҳафта вақт беришингизни сўрайман”, деганди. Бу иш бўйича доимий комиссиянинг қарори тақдим қилиниб, бир ҳафта муҳлат берилган эди. Доимий комиссиянинг регламенти бўйича 26-моддада депутатлик одоби бўйича комиссия хоҳлаган вақтда ўзлари режалаштириб йиғилиши ва бандда кўрсатилгандек мажлисни ёпиқ ўтказиш ваколатига эга. Ёпиқ ўтказилгани ёки у жойда қилинган вазифаларнинг ҳаммаси бизда ўрнатилган қонун ва қарорлар асосида бўлади. Бу қилинган ишларнинг ҳаммаси ўрнатилган тартиблар асосида ўтказилди ва материаллар сессияга тайёрланмоқда”, дейди кенгаш мудири.
Шу ўринда Бахтиёр Баҳовуддиновдан мажлис ҳақиқатдан ҳам ўтказилгани қанчалик ҳақиқатга яқин эканлиги борасида сўраганимизда, у шундай деди:
“Бугунги мажлис бўлмади. Бўлмайди. Бу нарса бугунга режалаштирилмаган эди. Яъни бу мажлис бир неча кун олдин ҳам айтилмайди. Ёпиқ тарзда ўтказилди, қарор қабул қилинди ва сессияга тақдим қилинади. 22 ноябрь куни ўтказиладиган сессияда бу нарса бўлади”.
Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши мудири қарор қабул қилинган бўлса, депутат Феруза Бабашеванинг ўзи унинг мазмуни билан қачон танишиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб бериб ўтди.
“Доимий комиссия бу нарсани 4 нафар депутат иштирокида кўриб чиқади. Бу масалани улар ўз ичида сессияга чиқариш ёки чиқармаслик масаласини кўради” дейди Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши мудири.
Алоҳида қайд этиш керакки, депутат Феруза Бабашева атрофидаги вазият жамоатчилик диққат марказида турган ва номақбул видеонинг тарқалиши норозиликка сабаб бўлаётган бир вазиятда одоб комиссияси мажлисининг ўтказиш билан боғлиқ ҳолат кишини шубҳага солади. Дастлаб, комиссия мажлиси ўтказилиши ҳақида хабар берилиши, кейин эса мажлис депутат сабаб тарқатиб юборилганини маълум қилиб, якунда бу йиғилиш бугунга белгиланмаганини айтиш Феруза Бабашева атрофидаги воқеаларга шубҳа билан қараш ўринли эканига ишора қилади.
LiveБарчаси