Тошкент вилояти ИИББ депутатни обрўсизлантирувчи видео бўйича расмий маълумот берди
Жамият
−
16 Ноябрь 2021
108735Аввалроқ ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани депутати Феруза Жўрабаевнани обрўсизлартиришга қаратилган видео тарқатилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси депутат билан боғлиқ вазият юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жазо муқаррарлиги ва қонун устуворлиги таъминлаш бўйича ички ишлар бош бошқармаси ва ҳамкорликдаги ташкилотлар билан “Хавфсиз ҳудуд” ва “Хавфсиз тун” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, тадбир давомида Бўстонлиқ тумани “Хумсон” маҳалласида яшовчи фуқаро вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида “Сарвар” ва “Баҳром” исмли шахслар тумандаги “Чорбоғ гўзал боғи” жамияти ҳудудида жойлашган дала ҳовлиларда ишратхона ташкил қилиб, кунлик ижарага беришини ва у ерда шахсларни жинсий алоқа қилишлари учун шарт-шароит яратишини маълум қилган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу мурожаатга асосан жорий йилнинг 2 октябрь куни ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида, мурожаатда кўрсатилган дала ҳовли кўздан кечирилган. Ўша вақтда ҳам хонадонда икки нафар аёл, икки нафар эркак кишилар борлиги, улардан, фуқаро Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган.
Суҳбат ўтказилганда улар алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишгани ва ишқий муносабатда бўлиш мақсадида келганлигини маълум қилганлар.
“Ҳозирда мазкур жараён акс этган видео тасвирнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалар орқали тарқалгани ҳолати юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, бу каби одоб-ахлоқ билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларига қарши вилоят ИИББ томонидан мунтазам равишда тезкор профилактик тадбирлар ўтказиб борилади”, дейилади расмий хабарда.
Қизиқ, ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган рейдлар видеоси қандай қилиб ижтимоий тармоққа тарқалди? Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларида шахсга доир маълумотлар ҳимояси шу қадар заифми?
LiveБарчаси