Видеоси тарқалган депутат аёлнинг дахлсизлиги бекор қилинди
Жамият
−
22 Ноябрь 2021
63931Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева ва шахси номаълум бўлган бир эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди.
Бугун, 22 ноябрь куни соат 12:00 да Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги биносида туман депутатлари сессияси бўлиб ўтиши режа қилинган эди. QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова белгиланган манзилга етиб борди.
“Депутат Феруза Жўрабековна билан юз берган ҳолат ҳам муҳокама қилиниши айтилган мажлис соат 12:00 да бошланди. Аммо, сессияга ОАВ вакиллари киритилмади. Бу ҳолатга сабаб қилиб, фақат шакллантирилган рўйхат асосида кириш мумкинлиги ҳақида айтишди. Сессия ёпиқ тарзда ўтказилди”, дейди Феруза Нажмиддинова.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 12-моддасида сессиялар очиқ, ошкора ўтказилиши ва ОАВ ходимлари томонидан ёритилиши белгиланган. Зарур ҳолларда эса, сессиялар ёпиқ тарзда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида алоҳида қайд этилган.
Сессия роппа-роса бир соат давом этди. Ёпиқ тарзда ўтказилган мажлисдан чиққан депутат Феруза Бабашева QALAMPIR.UZ’га йиғилиш ҳақида ўз фикрини маълум қилди.
“Олтинчи масалани биринчи масалага ўткизиб қўйишди, яъни менинг хусусимдаги ҳолатни биринчи масалада кўрдик. Мажлис ёпиқ тартибда ўтди. Вилоят прокурори бўлган Муҳиддин Қиёмовнинг аризаси бўйича экан. Ҳозир ўша ариза бўйича дахлсизлигим суд ўтгунга қадар ечилди, депутатликда қолдим”, дейди Бабашева.
Феруза Бабашева ўз сўзи давомида сессияга ОАВ вакиллари киритилмагани, телефондан фойдаланиш ман қилингани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Барча телефонсиз киритилди. Аслида, ҳеч қачон сессияга телефонсиз кирмаганмиз. Бу ҳолат биринчи марта бўлди. Ҳамманинг телефонини йиғиштириб, олиб қўйишди. Лекин мен “Телефонсиз кирмайман”, дедим ва телефонимни овозсиз қилиб қўйишимни сўрашди. Орада “Сёмка” қилиш мумкинми?”, деган савол берганимда, “Йўқ”, деб жавоб беришди. Қайси депутат нима дегани ҳақида “сёмка” қилмоқчи эдим, рухсат беришмади. Биринчи олтита масала айтилганнинг ўзидаёқ, доимий комиссия раиси туриб, сессияни ёпиқ тарзда ўтказиш таклифини қўйди. Ҳамма депутатлар қўл кўтарди”, дейди Феруза.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалди. Жамоатчилик шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузувчи видеолар тарқатилишини депутат аёлнинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.
Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат “Хавфсиз тун” тадбири доирасида аниқланган ишратхонада тасвирга олинганини маълум қилди. Шунингдек, рейд вақтида олинган тасвирларни тарқатганларни аниқлаш ишлар бошланганини билдирди.
Кеча, 18 ноябрь куни халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши одоб комиссиясининг Феруза Бабашева иши кўрилиши керак бўлган мажлиси қолдирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь