Қозоғистонда 2 палатали парламент расман ўз ишини тугатди

Олам

image

Кеча, 29 июнь куни Қозоғистоннинг саккизинчи чақириқ депутатларидан иборат икки палатали парламенти расман ўз фаолиятини якунлади. Эртага, 1 июлдан бошлаб мамлакатда янги Конституция кучга киради, унга кўра яқин орада янги қонун чиқарувчи орган – Қурултойга сайловлар бўлиб ўтиши керак. Бу ҳақда “24.kz” хабар берди.

“Депутатлар корпуси номидан бугунги қўшма мажлисда шахсан иштирок этганингиз, парламент фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз. Шу билан Қозоғистон Республикаси саккизинчи чақириқ парламентининг тўртинчи сессияси ёпиқ деб эълон қилинади”, дейди Мажлис спикери Ерлан Қошанов Президент Тўқаевга юзланиб.

Президент Мажлис ва сенат депутатлари томонидан амалга оширилган ишларнинг аҳамияти ва муҳимлигини қайд этган.

“Саккизинчи чақириқ депутатлари ҳукумат номига 2 мингдан ортиқ сўров юборишди, шунингдек, 31 та ҳукумат соати ва 9 та парламент эшитуви ўтказилди. Иккала палата қўмиталари фаол ва самарали иш олиб бордилар”, дейди Тўқаев.

У бир палатали тизимга – Қурултойга ўтилгандан сўнг қонун чиқарувчи орган қўмиталари ҳам “давлат сиёсатининг устувор йўналишларига таянган ҳолда” шакллантирилиши мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этган.

Тўқаевнинг айтишича, ўтган йиллар давомида депутатлар корпуси фуқаролар билан очиқ ва самарали алоқа тизимини шакллантирган. Депутатлар мунтазам равишда ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашувлар ўтказган. Умуман олганда эса, парламент “умумий манфаатлар йўлида обрўли олимлар, вазмин экспертлар ва жамоат фаолларини бирлаштирувчи марказга айланган”.

“Қурултой олий қонун чиқарувчи орган сифатида барча йўналишларда изчилликни, институционал барқарорликни, анъаналарнинг сақланиб қолишини ва парламентнинг ўзига хос маданияти шаклланишини таъминлаши керак”, дейди Қозоғистон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, янги парламентнинг бош мақсади “ҳамма учун тенг имкониятлар тақдим этадиган адолатли Қозоғистонни барпо этиш” бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти янги Конституцияда назарда тутилган бир палатали парламент Қурултой деб аталишини айтган эди. Янги Конституцияга кўра, Қурултой конституциявий ва бошқа қонунларни қабул қилади, сайловларни эълон қилади, уруш ва тинчлик масалаларини ҳал қилади ҳамда бошқа ваколатларга эга бўлади. Унинг таркибига 145 нафар депутат киради. Жорий йилнинг 15 март куни Қозоғистонда референдум бўлиб ўтди ва унинг якунларига кўра янги Асосий қонун қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг