Марям Тилляева, Сардор Раҳимхон, Абдулазиз Комилов... Тугаётган ҳафта “тренд”га чиққанлар
Таҳлил
−
01 Май 2022
19736Якунига етиб бораётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва хорижий давлатларда кўплаб воқеалар юз берди. Андижон аҳолисини “Андижон полкаси"га ўйнатаётган Абдураҳмонов, оломон томонидан помидор улоқтирилган Макрон, лавозимидан озод этилган Абдулазиз Комилов, беҳаё суратидан афсудалигини айтган Марям Тиллаева, мажбурий меҳнат содир етганини тан олмаган Жамоат хавфсизлиги университети шулар жумласидандир.
Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZʼда танишинг.
АҚШ да “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди қурилиши бошланди
Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатиблар АҚШнинг Огаё штатидаги Синсиннати шаҳрида ватандошлар томонидан қурилиши бошланаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди тамал тошини қўйишда иштирок этди.
Исроил Ливан ҳудудига ҳужум қилди
Исроил мудофаа кучлари артиллериядан Ливан жанубидаги нишонларга ҳужум қилди. Бу ҳақда Исроил ҳарбийлари хабар берган.
“Исроил артиллерия кучлари ҳозирда Ливандаги нишонга ҳужум қилмоқда ва Исроил ҳудудига [ракета] учирилишига жавобан ўқ узмоқда”, дейилади баёнотда.
Тошкентда 29 ёшли стоматолог йигит ОИТС билан касалланганини била туриб, беморларни даволашда давом этгани аниқланди
2021 йилнинг декабрь ойида йигит Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан назоратга олиниб, унга шифокор томонидан Ўзбекистоннинг ОИВ тўғрисидаги қонуни ҳақида тушунтириш берилган. У касалликни била туриб, қоидаларга риоя қилмагани аниқланган. Маълумотга кўра, йигит бу касалликни ижтимоий тармоқ орқали танишган бир қиздан юқтирган.
Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси билан жиноят иш қўзғатилган. Ушбу модда санкциясига кўра, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
“Ҳамма рақсга тушсин”. Абдураҳмонов андижонликларни ноғорасига ўйнатмоқда
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўзини ҳақиқий андижонликман, деб билганларга “Андижон полкаси”га ҳар куни рақсга тушишни буюрди.
Ҳоким топшириғига асосан “Андижон полкаси” куйи яратилганининг 100 йиллиги ва шу номдаги халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан барча ташкилот, муассаса, умуман олганда ўзини андижонликман, деб билганлар бутун жамоаси, ҳамкасблари билан “Андижон полкаси”га рақсга тушишни одат қилиш буюрилган ва “Андижон полкаси” ойлиги эълон қилинган.
Бу ҳам етмагандек, тадбирларнинг фото ва ёзма ахбороти ҳар ҳафта вилоят ҳокимлигининг туризм котибиятига тақдим этиш сўралган.
Оломон ичидаги Макронга помидор отишди
Франция Президенти Эммануэл Макрон жорий йилнинг 27 апрель куни Сержи муниципалитетига сафари чоғида помидордан “ўққа тутилди”. Бу ҳақда BFMTV хабар берган.
Телеканал томонидан эфирга узатилган кадрларда бир нечта помидор катта оломоннинг марказида бўлган Макрон томон учиб келаётгани, шундан сўнг Президент қўриқчиси уни ҳимоя қилиш учун тезда Франция раҳбарининг боши устида соябон очганини кўриш мумкин.
Тушми ё ўнг? Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 270 долларга етгани айтилди
Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,42 миллион сўмни (270 АҚШ доллари) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга кўпдир. Ишониш қийин бўлса-да бу ҳақдаги маълумотларни Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Абдулазиз Комилов Ташқи ишлар вазири лавозимидан кетди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Ҳафизович Комилов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шунингдек, Владимир Имамович Норов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, унинг зиммасига Ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди.
Абдулазиз Комилов 17 мартдан буён кўриниш бермай келаётган эди. Ўша куни Сенатнинг ялпи мажлисида қатнашган Абдулазиз Комилов расмий Тошкент ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олмаслигини, шунингдек Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини айтди. Бундан кейин Комилов ҳеч ерда кўриниш бермади. Орадан 12 кун ўтиб, 29 март куни унинг хаста экани ва хорижда даволанаётгани маълум бўлди.
Абдулазиз Комиловнинг саломатли, унинг даволанишга айнан сўнгги баёнотдан кейин кетиши кўплаб саволларни ва гап-сўзларни келтириб чиқарди. Ҳатто, Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар болалади. Ҳозиргача Комиловнинг қаердалиги ва хасталикдан тузалиб, Ўзбекистонга қайтган-қайтмагани маълум эмас.
Билса ёлғон, билмаса чин. Инспекциянинг ҳам ЖХУ билан тили бирми?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 апрель куни QALAMPIR.UZʼда “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда 20 апрель куни Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида оқ кўйлак, қора шим (форма) кийган бир гуруҳ йигитлар қўлларида челак, “лопатка” кўтариб ҳудудни тозалаётгани, мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида сўз борганди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақола ортидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг топшириғига асосан, Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирокида ўтказилган 8 кунлик текширув якунларини эълон қилди. Айтилишича, юқоридаги ҳолат мажбурий меҳнат эмас, (!) балки талабалар ўз хоҳишларига кўра ободонлаштириш ишларида қатнашган.
Шу ўринда мантиқли савол пайдо бўлади: талабалар ихтиёрий меҳнатга жалб қилинган экан, нима учун улар камерани кўрибоқ, барча ишини ташлаб қочди? Улар нимадан қўрқди?
Меҳнат ихтиёрий ва дарсга таъсир қилмаган ҳолда бўлган экан, нима учун Жамоат хавфсизлиги университетининг махсус факультет бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ўзини ҳокимлик вакили, талабаларни эса, ҳокимиятдан келган ободонлаштириш ходимлари деб таништирди?
Айтилишича, ўрганиш давомида, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашган университетнинг 22 нафар талабларидан тегишли тартибда ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган. Ваҳоланки, мажбурий меҳнат ҳақида QALAMPIR.UZ талабаларнинг ўзи қўлларида супурги ва челак кўтариб мурожаат қилишган. Устига-устак университет ходими уларни талаба эканини тан олмай, воқеа жойидан олиб кетган.
Бу масалада Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирокида текшириш ишлари ўтказилгани маълум қилинди. Аммо нима учун текшириш ишларини олиб борганлар айнан ўша материални эълон қилган таҳририят ходимларидан биронта ҳам қўшимча маълумот сўрашмади ва бу ишда жамоатчилик назорати ўрнатилмади? Қўшимча тариқасида шуни айтиш керакки, QALAMPIR.UZʼда мажбурий меҳнат содир бўлганини тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам мавжуд.
Еб қўйган, ўғирлик қилган, ҳаром юрган жойимиз йўқ – Сардор Раҳимхон QALAMPIR.UZ га эксклюзив интервью берди
“Юрак амри” хайрия жамоат фонди асосчиси Сардор Раҳимхон қўшиқ айтиб юрган кезлари кунига 3-4 минг АҚШ доллари даромад топган ва шунга қарамай, у соҳадан кетиш йўлини танлаган. Бугун эса фонд фаолияти, унга келиб тушаётган маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланишига шубҳа билдираётганларга, фонд очишдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам битта уйи иккита бўлмагани, машинасини ўзгартирмагани, аксинча, фондга келиб тушаётган пуллар қилинаётган хайрли ишларнинг бор-йўғи 30-40 фоизини ташкил этиши айтди. Бу ҳақда у QALAMPIR.UZ га берган эксклюзив интервьюсида сўз очган.
“Мени фоҳиша дейишди, ўлим тилашди, таҳдид қилишди”. Ислом Каримовнинг набираси беҳаё сурати қандай тарқалганини айтиб берди
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг охирларида ижтимоий тармоқда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тиллаеванинг собиқ эри Амиран Сардаров билан номақбул сурати тарқалганди. Тилляеванинг на ўзбек маданиятига ва на бобоси шаънига тўғри келмайдиган ушбу сурати тармоқда анчагача муҳокама қилинди. Марям Тилляева сурат қандай тарқалганига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, бу иш собиқ турмуш ўртоғи Амираннинг хоҳиши асосида амалга оширилган. Амиранинг мақсади ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтариш бўлган.
Марям Тиллаева ҳаммаси учун афсусдалиги, бу ишга собиқ турмуш ўртоғини севгани учунгина рози бўлганини айтган.
“Амиран менга ижтимоий тармоқларда шундай ишланади, деб айтди. Мен ҳеч нарсани тушунмасдим. Бу хайп эди. Бироқ мен уни қўллаб-қувватлашим керак эди. У ҳаммасини биз учун қилаётганини айтди. Мен йиғладим. Ҳозир ўша ишни ўйласам, афсусланаман.
Ўша вақтда у ота-онам билан муносабатларимизни бутунлай бузди. У ўзининг хоҳлаган нарсасига эришди. Оилам ва дўстларимдан узоқлаштирди. Мен бўлса қаттиқ депрессияга тушгандим ва нима бўлаётганини тушунмасдим", дейди Тилляева.
БМТ Бош котиби Киевда Зеленский билан учрашди
Жорий йилнинг 28 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашди. Бу ҳақда Зеленский Twitter'даги саҳифасида хабар берди.
БМТ Бош котибининг сўзларига кўра, Владимир Зеленский билан Мариуполдан эвакуация масаласини қизғин муҳокама қилинган.
Жаҳон тиллари университетида талаба ўз жонига қасд қилди
Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 08:10 ларда Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг маъмурий биносини 4-қаватидан Наманган вилоятида 2001 йилда туғилган 2-курс босқичи талабаси (эркак) ўзини пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган.
Ҳозирда содир этилган ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш мақсадида Учтепа туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
1 майдан Ўзбекистонда пенсия ва нафақалар оширилади
Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Ўзбекистонда пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда тегишли фармонни имзолаганини айтди.
Фармонга мувофиқ, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга).
Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Иттифоқ давлатига қўшилади – Лукашенко
Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Иттифоқ давлатига қўшилади – Лукашенко
Россия ва Беларус Иттифоқ давлатига келгусида собиқ СССР таркибига кирган бошқа республикалар ҳам қўшилади. Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашувда шундай провокацион фикр билдирган.
“Ўйлашимча, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий заруриятдан келиб чиқиб, қўшилади. Арманистоннинг ҳам борадиган жойи йўқ”, деган Лукашенко.
Қайд этиш керакки, Лукашенко биринчи марта Марказий Осиё давлатларининг Россияга қўшилиши ҳақида фикр билдирмаяпти. Бундан олдин россиялик журналист Владимир Соловьёвга берган интервьюсида у Ўзбекистон иқтисодий зарурат туфайли Россия ва Беларуснинг Иттифоқ давлати таркибига кириши мумкинлигини айтганди.
Уруш қатнашчиларига 15 млн сўмдан берилади
9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади.
Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.
Йиғилишда қайд этилишича, энди аввал ишламаган, “Саховат” уйларидаги яшовчи 1 мингга яқин ёши улуғ кишиларга ҳам шахсий харажатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади.
Таъкидланишича, 1 октябрга қадар 20 дона экзоскелет, 880 та ногиронлик аравачаси, 4 мингта овозли термометр ва тонометр, 6 мингта “ақлли” соат харид қилиниб, ҳудудларга етказилади. Бунга 31 миллиард сўм ажратилади.
Президент ҳайит арафасида маҳкумларга афв эълон қилди
Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.
“Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз”, деган Президент видеоселектор йиғилишда.
Эрдўған Умра зиёратини адо қилди
Жорий йилнинг 29 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Саудия Арабистони Қироли Салмон бин Абдулазиз Ал Сауднинг таклифига биноан турмуш ўртоғи Эмина Эрдўған билан икки кунлик зиёрат доирасида Саудия Арабистонига борган. Дастлаб Эрдўған Қирол Салмон билан ёпиқ эшиклар ортида учрашган.
Сўнг, Туркия Президенти Саудия Арабистонида умра зиёратини амалга оширган.
Қирол Салмоннинг буйруғи билан Туркия Президенти ва делегацияси учун эшиклари очилган Каъбада Эрдўған намоз ўқиган.
LiveБарчаси