Январь фожиаси сарҳисоби: Қозоғистонда қийноқлари бўйича 100 дан ортиқ жиноий иш очилди
Олам
−
13 Февраль 2022
5020Қозоғистонда январь воқеалари пайтида хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солиш, ҳибсга олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича 170 та иш очилган. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида бош прокурор Ғизат Нурдаулетов маълум қилди.
Унга кўра, прокуратура органларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан жами 305 та мурожаат тушган бўлса, 62 та мурожаатга кўра, “қонун бузилиши ўз тасдиғини топмаган”. Расмий релизда қийноқлар бўйича қолган 73 та шикоят билан нима содир бўлгани ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Кеча, 12 февраль куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бошчилигида Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Бош прокурор Ғизат Нурдаулетов январь воқеалари якунлари бўйича 3240 та жиноят ишини тергов қилинаётгани тўғрисида ахборот берган. Таъкидланишича, махсус прокурорлар бошчилигидаги идоралараро тергов гуруҳи тартибсизликлар ва террорчилик актлари юзасидан 177 та ҳолат тергов қилинмоқда.
Прокуратура маълумотларига кўра, жами 779 нафар гумонланувчи ҳибсда. Қўлга олинганлар орасида 24 нафар уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, 113 нафар шахс қотиллик, ўғрилик, талончилик жиноятлари учун судланганлар бор. 109 нафар маҳбус яшаш жойини тарк этмаслик ҳақидаги ёзма мажбурият ва шахсий кафолат билан озодликка чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 февраль куни Олмаота шаҳрида яна намойиш ўтказилди. Одамлар январь воқеларида ҳалок бўлганларни хотирлади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Ҳазрат Султон” масжидига бориб, вафот этганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди ва халққа мурожаат қилди.
Намойишчилар якунда шаҳар прокуратураси ва ҳокимияти вакиллари билан учрашиб, улардан январь воқеалари ортидан ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди ва бу талаб бажарилмаса, 20 кундан кейин яна намойиш ўтказилишини билдирди.
Маълумот учун, “Қонли январь” фожиасида ҳам намойишчилар асосан Назарбоев ва унинг оиласига қарши талабларни қўйган эдилар. Шунингдек, намойишчилар орасида бўлган Қозоғистоннинг бадавлат тадбиркорларидан бири, собиқ депутат ва сиёсатчи Булат Абилов ҳукумат январь воқеалари вақтида террорчилар дея айтилган одамларни ҳукумат ўзи тайёрлаганини айтди.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.
LiveБарчаси