“Улар ўз террорчиларини тайёрлаган”. Қозоғистонда “Қонли январь” воқеалари хуруж қилмоқда
Олам
−
13 Февраль 2022
11782Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойида бўлган тартибсизликлар вақтида террорчи экани айтилган одамларни ҳукумат ўзи олдиндан тайёрлаган. Олмаотада ўтаётган намойишларда иштирок этаётган Қозоғистоннинг бадавлат тадбиркорларидан бири, собиқ депутат ва сиёсатчи Булат Абилов Orda.kz мухбири билан суҳбатда шундай фикр билдирган.
9 йил деганда сиёсий майдонда кўриниш берган Булат Абилов куч тузилмалари тинч намойишчига ўқ узишига бошқа йўл қўйиб бўлмаслигини айтмоқда.
“Расмийлар армия ва полицияга тинч намойишчиларни отиш ҳақида буйруқ бермаслиги учун қозоқ яна қозоққа қарата ўқ отмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Биз у ерда 20 минг террорчи бўлмаганини биламиз. Табиийки, улар ўзларининг террорчиларини олдиндан тайёрлаганлар. Улар Қирғизистон, Грузия, Украина ва Беларусь тажрибасини кўрдилар – мен ҳамма жойда бўлдим. Улар бунга тайёргарлик кўришди. Майдондагилар 2-3 тик турганда, бутун Қозоғистон чиқарди ва ҳукумат кетарди. Биз у назорат қилмаётганини кўрдик. Улар бу вариантни олдиндан тайёрладилар, бу қатл бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлди. Бу 30 йил олдин бир ёки иккита видео қолган Желтоксан эмас. У ерда нима бўлганини ҳам билмаймиз. Бу ерда ҳеч нарсани яшира олмайсиз - ҳамма нарса ҳужжатлаштирилган. Ҳозир эса дунёда бизни Осиёнинг ривожланмаган давлати деб билишади. Дунёнинг қаерида кунига 225 киши расман ўлдирилади? Бошқа ҳеч бир давлатда бундай эмас” деган Абилов.
Тадбиркор ҳозирда қўшимча сиёсий митинглар ўтказишни режалаштирмоқда. Унинг таъкидича, аввало Қозоғистонга барча табиий болйикларини қайтариш керак.
Булат Абилов намойишлар вақтида Олмаотадаги Назарбоев кўчасини Кантар деб аташни таклиф қилган. Бу кўча 2017 йилгача инқилобчи ёзувчи Дмитрий Фурманов номи билан аталган.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Ҳазрат Султон” масжидига бориб, халққа мурожаат қилди.
Маълумот учун, “Қонли январь” фожиасида ҳам намойишчилар асосан Назарбоев ва унинг оиласига қарши талабларни қўйган эдилар.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.
LiveБарчаси