“Қонли январь” фожиаси такрорланишига йўл қўймаймиз – Тўқаев халққа мурожаат қилди
Олам
−
13 Февраль 2022
14803Халқнинг бирлиги ва тотувлиги бузилишига йўл қўйилмайди. Бу нафақат давлатнинг, балки барча фуқароларнинг умумий бурчидир. “Қонли январь” фожиаси қайта такрорланмаслиги керак. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Ҳазрат Султон” масжидида халққа йўллаган мурожаатида сўз очди.
Бугун, 13 февраль куни Президент Тўқаев “Ҳазрат Султон” жоме масжидида январ воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган маросимда иштирок этди. Президент қурбонлар хотирасига Қуръон тиловат қилиб, ўз нутқида бу йил Қозоғистон халқи оғир синовларни бошидан кечирганини таъкидлади.
“Давлат яхлитлиги, фуқаролар хавфсизлиги, мамлакат келажаги хавф остида эди. Биз террорчилар қарши тура олдик ва уларнинг ҳужумини қайтардик. Афсуски, бу нотинчлик кўплаб фуқароларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақиқий фожиа. Менинг топшириғимга кўра, тегишли идоралар ҳар бир ана шундай ҳолатни чуқур ўрганмоқда. Мен учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи жуда муҳим. Бўлиб ўтган бахтсиз ҳодисалар бутун мамлакатни ларзага солди”, дейди Тўқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистонда содир бўлган воқеа муносабати билан миллий мотам куни эълон қилинганини эслади.
“Фожиали воқеалардан 40 кун ўтди. Қурбонлар хотирасини дуо билан ёдга олиш учун масжидга келдим. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирмоқчиман. Давлат сизни муаммоларингиз билан ёлғиз қолдирмайди. Ўрнини ўнглаб бўлмас талофат кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма бердим”, дейди Президент.
Тўқаев “Қозоғистон халқига” жамғармаси ҳам жабрланганларга хайрия ёрдамини кўрсатишини айтди. У ишонтирганидек, келажакда бундай фожианинг олдини олиш учун ҳамма нарса қилинади.
"Халқимизнинг бирлиги ва тотувлиги бузилишига йўл қўймаймиз. Бу нафақат давлатнинг, балки барча фуқароларнинг умумий бурчидир. Бундай фожиа бошқа такрорланмаслиги керак!", деди давлат раҳбари.
Сўзи якунида Президент Қозоғистон халқига сабр-тоқат ва осойишталик, мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилади. Шунингдек, у ватандошларни ёш авлод манфаати йўлида умумий саъй-ҳаракатлар билан Янги Қозоғистонни барпо этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 январь куни Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада яна норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар Ҳукуматдан озодликдан маҳрум қилинганларнинг чиқарилишини талаб қилмоқда.
"Қонли январь" фожиаси
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь