Тезкор: Олмаотада яна намойишлар бошланди
Олам
−
13 Февраль 2022
58502Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада яна норозилик намойишлари бошланди. “Қонли январь” воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган ушбу намойишга келганлар энг аввало қурбонлар ҳаққига тиловат қилган. Бу ҳақда Orda.kz ёзмоқда.
Маҳаллий вақт билан соат 11:00 да одамлар шаҳардаги Мустақиллик монументи олдига тўплана бошлаган. Икки соат ўтар-ўтмас намойишчилар сони 700 нафарга етган.
Айни вақтда рухсат этилмаган намойишларга полиция қаршилик кўрсатмаяпти. Майдонда бор-йўғи учта полиция машинаси борлиги айтилмоқда. Шунингдек, тез ёрдам ҳам аллақачон етиб келган. Полиция ходимлари намойишчиларга халал бермаслик учун Назарбоев шоҳ кўчаси ва Желтоксан кўчасидан ўтадиган автомобилларни бошқа тарафга йўналтирмоқда.
Намойишчилар қўлларида “Бегуноҳларга озодлик”, “Халқ террорчи эмас”, “Қонли январни унутмаймиз ва кечирмаймиз”, “Огоҳлантирмасдан ўт очиш – халққа нисбатан жиноятдир”, деб ёзилган плакат ва баннерларни ушлаб туришибди.
Митингга бир қатор сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари ҳам тўпланган. Улар орасида Достим Сатпаев, Санжар Бокаев, Булат Абилов, Ораз Жандосов, Жанболат Мамай ҳам бор.
Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва терроризмда гумон қилиниб жабрланганларнинг асосий талаблари жиноят ишларини холис тергов қилиш ва ҳибсга олинганларни озод қилишдир.
Айни вақтда намойиш ўтказилаётган ҳудудда интернет билан боғлиқ техник носозликлар кузатилмоқда. Бу ўтган намойишлардаги каби Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Аҳамиятлиси шундаки, намойишлар "Қонли январь" воқеаларини тунчлантириш учун мамлакатга киритилган КХШТ ҳарбийларининг ўз фаолиятини якунлаганидан бир ой ўтиб яна аланга олмоқда.
"Қонли январь" фожиаси
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь