Қозоғистонда бурқа кийганлик учун жарима белгиланиши мумкин

Олам

image

Қозоғистонда жамоат жойларида ниқоб, бурқа ва паранжи кийганлар жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун кеча, 3 декабрь куни парламентнинг қуйи палатаси – Мажлисда иккинчи ўқишда қабул қилинди. 

Бу қонун жамоат жойларида юзни ёпувчи кийим кийганлик учун жавобгарликни белгилайди. 

Қонун билан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилади. Юзни тўсадиган кийимда жамоат жойида биринчи марта кўринган одамга огоҳлантириш берилади, такроран содир этилса, 10 ойлик ҳисоблаш кўрсаткичлари миқдорида жарима солинади. Бу тахминан 40 минг тенге ёки 80 долларга тенг.

Энди ҳужжат Сенатга – парламентнинг юқори палатасига юборилади. Агар у ерда маъқулланса, Президент имзосига киритилади.

Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ўтган ёзда жамоат жойларида юзни ёпадиган кийим кийишни тақиқловчи қонунни имзолаган эди. Ҳужжатда айнан қайси кийим назарда тутилгани кўрсатилмаган бўлса-да, “маска”лар ва балаклавалардан ташқари юзни тўлиқ ёпадиган диний кийимлар, жумладан, бурқа ҳам тақиқланганини англаш мумкин. Қозоғистонда бурқани  тақиқлаш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиниб келаётган эди.

2024 йилнинг март ойида Қосим-Жомарт Тўқаев бурқани радикал кайфиятдаги неофитлар томонидан аёлларга мажбурланадиган “архаик кийим шакли” деб атаган. Унинг фикрича, бу Қозоғистоннинг анъанавий қадриятларига “очиқдан-очиқ қарши чиқиш”дир. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 31 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон бурқа паранжи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг