Қозоғистонда болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин
Олам
−
04 Декабрь 608 1 дақиқа
Қозоғистонда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Ташаббус “Очиқ НПА” порталида эълон қилинган “Онлайн платформалар ва оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида баён қилинган. Ҳужжатни Маданият ва ахборот вазирлиги ишлаб чиққан.
Асосий норма “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги 10-1-моддасида келтирилган. Унда 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг онлайн платформаларда рўйхатдан ўтиши тақиқланиши аниқ кўрсатилган. Истисно сифатида фақат тезкор хабар алмашиш хизматларида рўйхатдан ўтиш рухсат этилади.
Шу тариқа, 16 ёшгача бўлган болалар видеохостинглар, ижтимоий тармоқлар ва контент платформаларида аккаунт очолмайди. Истисно – мессенжерлар. Изоҳ хатида айтилишича, ушбу ташаббуснинг мақсади – онлайн платформаларда тарқаладиган зарарли ва ноқонуний контентдан болаларни ҳимоя қилиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда жамоат жойларида ниқоб, бурқа ва паранжи кийганлар жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бу қонун жамоат жойларида юзни ёпувчи кийим кийганлик учун жавобгарликни белгилайди.