Олмаотада намойишчилар ҳокимиятга шарт қўйди ва муҳлат берди

Олам

image

Бугун, 13 февраль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган норозилик намойиши иштирокчилари олдига шаҳар прокурори ўринбосари Назарбой Ибраймолдаев ва Жамоат тараққиёти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Айдар Есенбеков чиқди. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.

Ҳокимият ва прокуратура вакиллари намойишчилардан тарқалишни сўраган.

“Митинг рухсатсиз ўтганини айтишга келдик. Намойишчилар соат 12:00 дан бери бу ерда, улар ўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтиришди, аммо тарқалиш вақти келди”, деган Айдар Есенбеков.

Бу орада полиция намойиш ўтказилаётган майдонга маҳбуслар ташиладиган машинани олиб келган ва намойишчиларга егулик олиб келиш учун кетган тўрт кишини ҳисбга олган.

Улар Бўстондиқ туман полиция бўлимига олиб кетилган. Намойишчилар ҳибсга олинганларни озод қилиш ва Мустақиллик майдонига олиб келишни талаб қилган. Прокуратура вакили митингни тўхтатиш шарти билан уларнинг талабларини бажаришга рози бўлган.

Фаоллар ҳибсга олинганлар бўйича қарор қабул қилинмаса, 20 кундан кейин яна митинг ўтказишларини айтишган.

“Бугун 40-кун муносабати билан хотирлаяпмиз, 2 ойдан бери тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларда маҳбуслар бўйича қарор қабул қилиш учун ҳали вақт бор. Агар бу амалга ошмаса, 20 кундан кейин митингга чиқамиз”, деган намойишчилар.

Бунга жавобан шаҳар прокуратураси ходимлари “Қонли январь” воқеаларида ҳалок бўлган ва ҳибсга олинганларнинг яқинларининг кўрсатмаларини қабул қилишга тайёр эканликларини билдирган.

Олмаота прокурори ўринбосари Назарбой Ибраймолдаев ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмасликка ваъда берган. У намойишчиларни 10 кишилик гуруҳларга бўлишни таклиф қилган, намойишчилар рози бўлишган.

Намойишчилар ва прокуратура вакиллари келишгач, ҳибсга олинган 4 киши қўйиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Ҳазрат Султон” масжидига бориб, халққа мурожаат қилди. 

Маълумот учун, “Қонли январь” фожиасида ҳам намойишчилар асосан Назарбоев ва унинг оиласига қарши талабларни қўйган эдилар. Шунингдек, намойишчилар орасида бўлган Қозоғистоннинг бадавлат тадбиркорларидан бири, собиқ депутат ва сиёсатчи Булат Абилов ҳукумат январь воқеалари вақтида террорчилар дея айтилган одамларни ҳукумат ўзи тайёрлаганини айтди.

Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.

Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди

28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди

2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг