Пойтахтга яқинлашган Мирзаев, кетишидан олдин ҳотамтойлик қилган Ҳидоятов, пора билан қўлга тушган солиқчи... Бугун нималар бўлди?
Жамият
−
18 Ноябрь 2021
39190Жамият
Ўзбекистонда янги йўл белгиси пайдо бўлдими? ЙҲХББ изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда янги йўл белгиси жорий қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бунга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, янги йўл белгиси ҳақидаги гаплар асоссиз. Негаки, у йўл белгиларини тасдиқловчи ҳужжатларда назарда тутилмаган.
“Газ заправка”ларнинг иш вақтига ўзгартириш киритилди
Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига вақтинча ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорининг “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”, 7–боб 58-банди ҳамда улгуржи ва Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ етказиб бериш тўғрисида расмийлаштирилган икки томонлама шартнома шартларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар жорий қилинади.
Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати узайтирилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.
Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:
● 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
● 2010 – 2020 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
● 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.
Тижорат банкларида доллар курси рекорд даражада кўтарилди
Бугун, 18 ноябрдан Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 10810 сўмгача кўтарилди. Бу мамлакатда доллар курси тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ўз навбатида, тижорат банклари АҚШ долларини 10 700-10 740 сўмдан сотиб олмоқда.
Маълумот учун, Марказий банк томонидан белгиланган долларнинг расмий курси 18 ноябрдан 10 755,26 сўмни ташкил қилмоқда.
Наманганда туман ДСИ бошлиғи пора билан ушланди
Наманган вилоятида 1 гектар ерни фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Вилоятдаги туманлардан бирининг ДСИ бошлиғи ҳайдовчисининг номида бўлган сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 1 гектар ер майдонини бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Расман: Қашқадарё вилоятига янги ҳоким тайинланди
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Тоирович Мирзаев вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони қабул қилинди.
Шунингдек, Президент фармони билан Муроджон Бердиалиевич Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шундан сўнг, Қашқадарё ҳокимлиги Матбуот хизмати Зойир Мирзаевнинг вилоят фаоллари билан хайрлашув сўзларини эълон қилди.
Уни янги лавозимга кузатиш давомида вилоят фаоллари Мирзаевга тўн кийдириб, хайрлашган.
Расман: Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими бўлди
Бугун, 18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Президент фармони билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Унга кўра, вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилди.
Айни пайтга қадар Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Лавозимидан олиниши кутилаётган Ҳидоятов экобошқармани машина билан сийлади
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов бугун, 18 ноябрь куни ҳокимлик балансидаги Captiva русумли автомобилни ҳудудий Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ўтказиб берди.
Қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги балансидаги 2015 йилда ишлаб чиқарилган Captiva автомашинаси давлат рақами билан Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси балансига тегишли тартибда ўтказилди.
Шундан сўнг, Тошкент вилоятининг лавозимидан озод этилган ҳокими Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
Ортиқхўжаев Бош вазирга ўринбосар бўладими?
Маҳаллий ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Бош вазирги ўринбосар бўлиши ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур хабарга ойдинлик киритиш учун Бош вазир Матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов билан боғланганимизда, у бундай тайинлов ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қилди.
Олам
АҚШ сенаторлари “Арқадағ”га мактуб йўллади
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни АҚШ сенаторлари Дик Дурбин, Патрик Лихи ва Шеррод Браун ҳамда Вакиллар палатаси аъзоси Том Малиновски Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга очиқ хат йўллади. Хатда сиёсий маҳбусларни, жумладан, журналист Нургелди Холиқов, шифокор Хурсаной Исматуллаева ва фаол Гулгелди Аннаниёзовни озодликка чиқариш сўралган. Мурожаат матни сенатор Дурбиннинг расмий сайтида эълон қилинган.
“Сизнинг раҳбарлигингизда Туркманистон ўз иқтисодиётига эътибор қаратиш, шунингдек халқаро ташкилотларга, жумладан, ЖСТга аъзо бўлишга интилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатингиздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга эътибор билан қувватланади”, дейилади баёнотда.
АҚШ Тожикистон ва Туркманистонни “алоҳида хавотирга молик давлатлар” қаторига киритди
Тожикистон ва Туркманистонда “диний эркинликларнинг тизимли ва қўпол равишда бузилиши” содир бўлмоқда.
Давлат департаменти томонидан тузилган ҳисоботга Америка қонунчилигига кўра, диний эркинликни бузаётган “ҳукуматлар ва нодавлат субъектлар” киритилади.
Давлат котиби Блинкен ўзининг ҳисоботида Россия, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Мьянма, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркманистон ва Эритреяни “алоҳида хавотирга молик давлатлар” қаторига киритган.
Путин россияликларни Афғонистондан эвакуация қилишни буюрди
Россия Мудофаа вазирлиги Афғонистондан 380 нафар мамлакат фуқаросини Афғонистондан эвакуация қилади. РФ Президенти Владимир Путин шундай кўрсатма берган.
“Ҳозир учта Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти Қобулга инсонпарварлик ёрдамини етказган ва энди эвакуация қилинадиганларни рўйхатдан ўтказиш бошланган”, дейилади вазирлик хабарида.
“Толибон” бошқа давлатларни Россиядан ўрнак олишга чақирди
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар гуманитар ёрдам кўрсатган Россияга миннатдорлик билдирди ва бошқа давлатларни ушбу давлатдан ўрнак олишга чақирди. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Президент Владимир Путин топшириғига кўра Россия Аэрокосмик кучларининг учта Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 380 нафар Россия фуқаросини эвакуация қилиш учун бугун, 18 ноябрь куни Афғонистонга етиб борган. Самолётлар, шунингдек Қобул аэропортига гуманитар юкларни етказган: ҳар бир самолёт Афғонистон аҳолиси учун Россия Федерациясидан 36 тоннадан гуманитар юк олиб борган.
Спорт
“Канело” WBC чемпионлик камари учун жанг қилади
Профессионал бокснинг супер ўрта вазн тоифасида мутлақ Жаҳон чемпиони Сауль “Канело” Альварес (57-1, 39 КО) биринчи оғир вазн чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Бу ҳақда Бутунжаҳон бокс кенгашининг (WВC) йиллик конгрессида малум қилинди.
“Канело”нинг мураббийи Эдди Рейносо WВC ташкилотидан шогирдининг биринчи оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони Илунга Макабу (28-2, 25 КО) билан бўладиган жангини ташкил қилишни сўраган ва Президент Маурисио Сулаймон жангни тасдиқлаган.
Мадрид “бўрилари” аргентиналик футболчини кузатмоқда
“Ривер Плейт” ҳужумчиси Хулиан Альваресни Мадрид клублари (“Реал” ва “Атлетико”) жиддий тарзда кузатиб бормоқда.
“Маrcа” нашри хабарига кўра, 21 ёшли футболчи ҳозирги даражасини сақлаб қолса, “Реал Мадрид” у билан шартнома имзолаш вариантини кўриб чиқиши мумкин. Шунингдек, аргентиналик футболчи хизматларидан “Атлетико” ҳам фойдаланмоқчи.
Ижтимоий тармоқларда “Месси қидирилмоқда”
2022 йилги Жаҳон чемпионатининг Жанубий Америка минтақаси саралаш баҳсларининг 14 туридан ўрин олган Аргентина ва Бразилия учрашувидан сўнг (0:0), ижтимомий тармоқларда Лионель Мессининг антиқа сурати тарқалди.
Ўйин дуранг натижа билан якунлангач, бразилия ОАВда Месси иштирокидаги сурат оммалашди. У ғарб услубида олинган бўлиб, Мессининг сурати тепасида “қидирилмоқда”, дея ёзиб қўйилган. Бунга аргентиналик футболчининг 90 дақиқа давомида аниқ зарба бермагани ва гол ура олмагани сабаб бўлган.
LiveБарчаси