АҚШ сенаторлари “Арқадағ”га мактуб йўллади
Олам
−
18 Ноябрь 2021
16843Жорий йилнинг 16 ноябрь куни АҚШ сенаторлари Дик Дурбин, Патрик Лихи ва Шеррод Браун ҳамда Вакиллар палатаси аъзоси Том Малиновски Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга очиқ хат йўллади. Хатда сиёсий маҳбусларни, жумладан,
журналист Нургелди Холиқов, шифокор Хурсаной Исматуллаева ва фаол Гулгелди Аннаниёзовни озодликка чиқариш сўралган. Мурожаат матни сенатор Дурбиннинг расмий сайтида эълон қилинган.
“Сизнинг раҳбарлигингизда Туркманистон ўз иқтисодиётига эътибор қаратиш, шунингдек халқаро ташкилотларга, жумладан, ЖСТга аъзо бўлишга интилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатингиздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга эътибор билан қувватланади”, дейилади баёнотда.
Сенаторлар жорий йилнинг май ойида Туркманистон 16 нафар Иегова гувоҳини қамоқдан озод қилганини, бу билан инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигига ҳурмат кўрсатганини юқори баҳолаган.
“Умид қиламизки, сиз худди шундай инсонпарварлик ишорасини бир қанча бошқа ҳолатларга нисбатан ҳам, эҳтимол, Бетарафлик куни муносабати билан кўрсатасиз”, деб ёзади сенаторлар.
Маълумот ўрнида, Гулгелди Аннаниёзов 2008 йилда 11 йилга қамалган. 2019 йил март ойида у қамоқхонадан яшаш шароити жуда оғир бўлган Қорабўғоз қишлоғига 5 йил муддатга ички сургунга ўтказилган. Сенаторларнинг фикрича, Аннаниёзов аллақачон тўлиқ озодликка чиқиши керак бўлган.
Журналист Нургелди Холиқовнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси аъзоларининг суратини тарқатганидан сўнг ҳибсга олиниши Туркманистон аҳолисининг сўз эркинлиги ҳуқуқидан маҳрум бўлганини кўрсатиши мумкин.
Хурсаной Исматуллаева 2017 йилда даволаниш учун таътилга чиққани учун ишдан бўшатилган эди. Шифокорнинг иши Европарламентда тилга олинганининг эртасигаёқ унинг ҳибсга олиниши дунёда Туркманистоннинг салбий имиджини яратмоқда.
“Биз сиздан аёлни зудлик билан озод қилишингизни сўраймиз”, деган сенаторлар.
LiveБарчаси