Тўқаев Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосарини ишдан олди 

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Азамат Абдимомуновни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига асосланиб хабар берилган. 

“Давлат раҳбарининг фармони билан Абдимомунов Азамат Курманбекович Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда. 

Аввалроқ давлатга хиёнат қилишда гумонланиб, Республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг сафдоши ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов ҳибсга олинган эди. 

Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаевга кўра, мамлакатдаги инқироз сабабларидан бири юқори мартабали амалдорлар ва хавфсизлик ходимларининг хиёнати. У содир бўлаётган воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш ва қуролли қўзғолон сифатида баҳолаган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг