Коронавирус эффекти: Ўзбекистон 5 кун ичида нималарга улгурди?

Таҳлил

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 март куни коронавирус билан боғлик илк ҳолат қайд этилди ва шу куниёқ Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси мажлиси ўтказилиб, барча маълумотлар очиқ-ойдин халққа етказилди. Айни вақтда касалланганлар сони 33 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда жами 16 минг киши карантинга олинди. 

Ўзбекистонга бу вирус кириб келгунга қадар дунёнинг 150 га яқин мамлакатларига тарқалишга улгурган эди ва ўтган уч ой мобайнида Ўзбекистон барча керакли чораларни кўрди, жаҳон тажрибасини ўрганди. Қуйида эса сўнгги беш кунда кўрилган чоралар ҳақида сўз юритамиз. 

15 март:
-    Дунёнинг деярли барча давлатларига кириб келган коронавируснинг Ўзбекистонга ҳам кириб келгани хабар қилинди;
-     Бош вазир Абдулла Арипов ҳолат бўйича йиғилиш ўтказди ва қилиниши лозим бўлган вазифаларни белгилади.
-    Ўзбекистонда барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Наврўз умумхалқ байрамларини ўтказиш тақиқланди. 
 

16 март:

-    Ўзбекистон бошқа давлатлар билан авиақатновлар ва автобус учун тўлиқ тақиқ қўйди;
-    Давлат ва нодавлат ташкилотларда йиғилиш ва мажлислар ўтказиш тақиқланди;
-    Давлат ташкилотларида фуқароларни қабул қилишнинг виртуал усули йўлга қўйилди;
-    Вазирлик ва идоралар ходимларининг хизмат сафарларига чиқиши чекланди;
-    Ўзбекистонда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, коллеж ва техникумлар, олий таълим муассасалари карантинга ёпилди;
-    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистондаги барча нодавлат таълим ташкилотларининг ўқувчи, талаба ва ўрганувчиларига таътил беришни тавсия қилди;
-    Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов ўзбекистонлик мусулмонларга мурожаат билан чиқиб, вазиятни тушунтирди. Намозларни карантин вақтида уйда ўқиб туриш фатвоси берилди;
-    Чартер рейс билан Эрон ва Латвия давлатидан 200 нафардан зиёд фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди;
-    Эронга инсонпарварлик ёрдами  жўнатилди.
17 март:
-    Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатиш тавсия этилди;
-    Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилди;
-    Ҳукумат Ўзбекистондаги хориж фуқароларини ҳам унутмади. Муддати келган чет элликларнинг виза муддатини 10 апрелга қадар узайтирди.
18 март:
-    Ўзбекистондаги барча мактабларда ўқитувчилар таътилга чиқди. Таътил фақат ўқитувчиларга тааллуқли бўлди. Мактаб директори, директор ўринбосари, хўжалик мудири, психолог, фаррош ва қоровул бу даврда мактабда бўлиши белгиланди;
-    Мисрдан чартер рейс билан 177 нафар фуқаролар олиб келинди;
-    Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таътил расман эълон қилинди;
-    Таътил вақтида ўқувчиларнинг билим олишлари учун “Оилавий”, “Маърифат ва маданият”, “Дунё бўйлаб” ва “Ёшлар” телеканалларида 30 мартдан бошлаб видеодарслар намойиш этиб борилиши режалаштирилди;
19 март:
-    Президент раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди;
-    Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилиши айтилди;
-    Коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилгани айтилди. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди;
-    Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди;
-    Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилиши кўрсатилди;
-    якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб бериладиган бўлди;
-    Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди;
-    Халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, “яшил йўлак”лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди;
-    Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилди;
-    Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади;
-    карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади;
-    боғча тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига белгиланган режадан қатъи назар йиллик меҳнат таътили навбатдан ташқари берилади;
-    карантин даврида зарурият бўлмаса, кўчага чиқмаслик буюрилди.

Коронавирус касаллиги 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланганди. Жорий йилнинг 1 февраль куниёқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатда етарли даражада захира мавжудлиги, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлигини бир неча марта алоҳида таъкидлади. Кўпга келган бу балога қарши ҳамма биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозимлигини айтди. Юқоридагиларга қарайдиган бўлсак, 5 кун ичида давлат ўз олдидаги вазифаларни имкон қадар уддалади ва бунда давом этмоқда. Қолгани эса халқнинг иродаси, қанчалик халқ бўлиб жипслашиши, ҳаракат қилиши, сабр-тоқат билан айтилган тавсияларни вақтида бажаришига боғлиқ. Айни вақтда халқ давлатга, давлат эса халқига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ғамхўр бўлиши талаб этилади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Абдулла Арипов Коронавирус

Баҳолаганлар

321

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг