Ўзбекистонда барча ички саёҳатлар тўхтатилади
Жамият
−
18 Март 2020
10048Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 17 март кунидаги коронавируснинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатиш тавсия этилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таъкидлашича, республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилади.
Махсус комиссия қарорига асосан, Транспорт вазирлиги карантин муддати даврига тўғри келувчи туризм мақсадида харид қилинган ҳаво ва темир йўл чипталарини, шу жумладан ички қатновлар учун чипталарни харидорлар томонидан қайтарилган тақдирда, жаримасиз қабул қилиш, чипта нархини харидорга тўлиқ қайтариш ёки бошқа муддатга кўчириш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда айни дамда мамлакатимизда бўлиб турган хорижий фуқароларни, шу жумладан туристларни ўз мамлакатларига қайтиши масалаларида уларга ахборот кўмагини берувчи махсус штаб ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда ушбу вирус билан оғриганлар 13 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда 2100 киши карантинга олинган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.