5 вақт намозни уйда ўқиш ва жума намози бўйича фатво берилди

Жамият

Кеча, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганидан кейин, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан мамлакатдаги барча диний ташкилотларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш тўғрисида тавсия киритилгани айтилди. 

Бугун, 16 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморлар 6 нафарга етди. Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимов ўзбекистонлик мусулмонларга мурожаат билан чиқди. 

Алимовга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши шошилинч йиғилиш ўтказган. Йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ҳамда хулосалари ўрганилган фатво қабул қилинган. 

“Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади. Маълумки, бугунги кунда ЖССТ коронавирус COVID-19ни пандемия деб эълон қилди. Ушбу касаллик асосан ҳаво томчи ва қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади.Шунда экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига сабаб бўлмоқда”, дейди Алимов.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус COVID-19 инфекциясининг олдини олиш бўйича қабул қилган фатвосига кўра: 

1. Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар.

2. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин.

3. Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин.

4. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар.

5. Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим.

6. Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

7. Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин.

8. Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.

Ушбу фатво вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг ушбу масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фатво

Баҳолаганлар

288

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар