Ўзбекистон Эронга инсонпарварлик ёрдами юборди
Жамият
−
16 Март 2020
9141Бугун, 16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Президентимизнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Инсонпарварлик ёрдам юбориш тўғрисида жорий йилнинг 12 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши имзоланган эди.
“Эрон Ислом Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга янги коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаат қилган эди, дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев.
Эронга стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб етти тоннага яқин бўлган тиббий буюмлар инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди. Бунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юкини шакллантириш ва етказиб бериш учун масъул этиб белгиланган эди. Юкни кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга вазирликнинг икки нафар ҳарбий врач мутахассиси жўнаб кетди.
Эронда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчи, шунингдек, тадбиркор, талаба ва бошқа ўзбекистонликлар олиб келинади.
Таъкидланишича, улар ва самолёт экипажи аъзолари қайтиб келгач, белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта карантинда сақланади.
Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати икки марта Хитой Халқ Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юборганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган. Айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар 6 нафарга етди.
Маълумот учун, дунё бўйича 169 605 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 6518 нафари вафот этган, 77 772 нафари касалликдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь