Президент коронавирус бўйича фармойиш имзолади

Жамият 22481
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида ташкил қилинган штаб 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Агентлик мутахассислари томонидан ишонч телефонлари орқали коронавируснинг олдини олиш борасида Хитойдан келаётган ва ўқиётган талабалар, уларнинг ота-оналари, тадбиркорлар ва бошқа соҳа ходимларига тегишли тушунтиришлар ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Кеча, 31 январь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш инситутида коронавирус инфекцияси этиологияси, клиникаси ва профилактикаси ҳамда касалликка гумон қилинганда тиббий ходимларнинг тезкор ҳаракатлари мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси реаниматологлари, инфекционистлари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг эпидемиологлари иштирок этди. Барча маъмурий ҳудудларда реаниматолог, инфекционист, эпидемиологлардан иборат 3 тадан тезкор ҳаракатлар бригадалари ташкил этилди, шунингдек, мазкур ўқув-семинарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вакиллари иштирок этишди.

Жорий йилнинг 31 январ куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан келган 4194 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган. Шулардан 84 нафари Хитойда ўқийдиган талабалардир. Термометриядан ўтказилган фуқаролар орасида 1 нафар Россиядан учиб келган фуқарода тана ҳарорати юқорилиги аниқланган, шифокорлар томонидан эпидемиологик суриштирув ўтказилганда тана ҳарорати кўтарилган бемор, коронавирус касаллигига гумон қилинган ёки касаллик билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлмаганлиги аниқланган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий СЭСига қарашли 6 та СКПдан 5 та поездда 953 нафар фуқаро ўтишган ва улар ўртасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланмаган.

Давлат чегара пости орқали кўплаб йўловчи ўтувчи СКПлар Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк”, “Ойбек”, Сурхондарёнинг “Айратон”, “Гулбаҳор” ва Дарё порти ҳамда Андижон вилоятининг “Дўстлик” СКПлари орқали 2158 та автотранспорт, 23570 нафар фуқаро ўтказилган, улар орасида юқумли касалликка гумон қилинган беморлар аниқланмаган.

Агентликнинг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олиб келинган, намуналар орасида коронавирус касаллигининг вируси топилмади. Бугунги кунга қадар республика фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси қайд этилмади.

Хитой Халқ Республикасида коронавирус инфекцияси бўйича кузатилаётган мураккаб эпидемик вазият, бу касалликни республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан олинган маълумотларига кўра, 2020 йил январь ойида Хитой Халқ Республикаси Хубей провинциясидаги Ухань шаҳрида коронавирус (2019-nCoV тури) билан касалланган бемор тўғрисида хабар берилган. Жорий йилнинг 31 январи ҳолатида Хитой Халқ Республикасида жами 9720 нафардан ортиқ фуқаро касалланиб, 1500 нафар фуқаро оғир ҳолатда даволанмоқда, 213 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг билдиришича, Хитой Халқ Республикасининг барча провинцияларида коронавирус касаллиги тарқалиб улгурган. 2020 йил 30 январь куни ЖССТ Хитой Халқ Республикасида коронавирус инфекцияси эпидемиясини фавқулодда ҳолат деб, тан олди. Россия Федерацияси Хитой Халқ Республикаси билан чегара кесишган жойлардаги ўтказиш пунктларидан фуқароларни ўтишини чеклаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро тиббий санитария қоидалари сайтидаги маълумотларга кўра, 2020 йил 31 январь кунига коронавирус (2019-nCoV тури) инфекцияси Гонгонгда ва Тайванда 8 тадан, Малайзия ва Макаода 7 тадан, Японияда 6 та, Австралия, Сингапур ва АҚШда 5 тадан, Таиланд давлатида 14 та, Францияда 6 та, Германия, Въетнам ва Жанубий Корея давлатларида 4 тадан, Канада давлатида 3 та, Непал, Италияда 2 та, Камбожа, Шри-Ланка, БАА ва Украина давлатларида 1 тадан ҳолат қайд этилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 584
Рейтинг: 3
Теглар
t
×