Коронавирус эффекти: Ўзбекистонда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди
Жамият
−
19 Март 2020
7553Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилади.
Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.
Йиғилишда халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, “яшил йўлак”лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 23 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакат бўйлаб 16 минг киши карантинга олинган.
LiveБарчаси